Ўзжан Дениз собиқ рафиқасини ўлдиришга уринганликда айбланмоқда
«Туркиянинг Жорж Клуниси» Ўзжан Денизнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ воқеалар унинг карьерасига ҳам соя солмоқда.
Аввалроқ актёрнинг собиқ рафиқаси Фейза Актанга қарши «уруш очгани» ҳақида хабар берилганди. Фейза Актан прокуратурага собиқ турмуш ўртоғи устидан шикоят қилган. Истанбулнинг бош прокуратурасига тақдим қилинган аризада айтилишича, актёр унинг ҳомиладорлиги вақтида барча мерос ҳуқуқи ва алиментдан воз кечиш бандини ўз ичига олган никоҳ шартномасини имзолашга мажбурлаган.
2018 йилнинг 25 январида Ўзжаннинг собиқ севгилиси Бусе Наржи билан қайта топишиб олгани маълум бўлган. Эрининг хиёнатидан кейин Актан уни тарк этишни истаган. Бунга жавобан уни калтаклаган ва акасининг пистолетини олиб уни ҳам ўзини ҳам ўлдиришини айтиб таҳдид қилган. Фейза калтаклангани ҳақида тиббиёт маълумотномасини қўлга киритган ва эри билан ажрашган. Шундан кейин Ўзжаннинг акаси Эржан Дениз уйига бостириб киргани, тиббий маълумотномани бермаса, уни ўлдиришини айтган. Таҳдидларга чидай олмаган аёл маълумотномани бериб, телефонидаги калтаклангани акс этган суратларни ўчириб ташлаганини маълум қилган.
Аёлнинг қўшимча қилишича, ажрашганидан кейин эри унга ўлим билан таҳдид қилиб ўғлига васийликни отасига бериш мазмунидаги шартнома имзолашга мажбурлаган. Бу каби айбловларга жим қараб тура олмаган актёр буларнинг бари атайин янги «Сени узоқ кутдим» сериалининг премьераси арафасида уюштирилгани ва бу унинг ижодий фаолиятига қарши акция эканини таъкидлаган. Шунингдек, актёр бир неча йил аввал бўлиб ўтган, аммо нима учундир ҳозирга келиб овоза қилинаётган айбловлар ва туҳматларни тан олмаслигини қўшимча қилган.
У ўғлини ушбу жанжалдан қутқаришни исташи, унга моддий ва маънавий мерос қолдиришни исташи ҳамда ҳеч қачон омма олдида фарзандининг онаси ҳақида салбий фикр билдирмаслигини айтган. Шунга қарамай, актёрнинг Instagram stories’сида бўлишган иқтибоси унинг рафиқасига қаратилганини билиш мумкин. Унда одамларнинг муаммоси ва бошқалар билан жанжаллашишининг сабаби бахтсиз болалиги ва бошқаларга кераклигини ҳис қилмагани билан боғлиқлиги ёзилган.
Ушбу воқеалардан кейин кўплаб мухлисларнинг актёрдан ҳафсаласи пир бўлган. Бу ҳам етмагандек ижтимоий тармоқларда у суратга тушган янги сериални кўрмасликка даъват этувчи флешмоблар бошлаб юборилган.