Ўзбекистон U-23 Осиё ўйинларини йирик ғалаба билан бошлади
Футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси 2026 йилги Осиё ўйинларидаги иштирокини йирик ғалаба билан бошлади. Равшан Ҳайдаров шогирдлари "C" гуруҳининг 1-турида Филиппин терма жамоасини 5:1 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашувда ҳисоб 30-дақиқада очилди. Жамоа сардори Муҳаммадали Ўринбоев рақиб дарвозасини ишғол қилиб, Ўзбекистонни олдинга олиб чиқди.
62-дақиқада Саидумархон Саиднуруллаев устунликни икки тўпга етказди. Орадан бир дақиқа ўтиб, Жошуа Мерино Филиппиннинг жавоб голини урди.
Бироқ Ўзбекистон шундан кейин ҳам ҳужумкор ўйинни давом эттирди. 71-дақиқада Саиднуруллаев иккинчи бор гол уриб, дубль қайд этди. 74-дақиқада Рўзибой Файзуллаев, 80-дақиқада эса Муҳаммадали Реимов рақиб дарвозасини ишғол қилиб, якуний ҳисобни белгилади — 5:1.
Шу тариқа, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Аичи ва Нагоя шаҳарлари мезбонлик қилаётган ХХ Осиё ўйинларини муваффақиятли бошлади.
Равшан Ҳайдаров жамоаси 18 сентябрь куни Кувайтга, 22 сентябрь куни эса Вьетнамга қарши майдонга тушади.
2026 йилги Осиё ўйинларининг футбол мусобақасида 15 та терма жамоа 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Ҳар бир гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар чорак финалга йўл олади.
Осиё ўйинлари-2026, 1-тур
Ўзбекистон — Филиппин — 5:1
Голлар: 1:0 — Муҳаммадали Ўринбоев (30), 2:0 — Саидумархон Саиднуруллаев (62), 2:1 — Жошуа Мерино (63), 3:1 — Саидумархон Саиднуруллаев (71), 4:1 — Рўзибой Файзуллаев (74), 5:1 — Муҳаммадали Реимов