Ўзбекистон иқтисодини долларга тобеликдан қандай сақлаш мумкин?

Ўзбекистон иқтисодини долларга тобеликдан қандай сақлаш мумкин?

 Халқаро валюта фонди вакили Юха Кахконен Ўзбекистон иқтисодининг "долларлашуви" даражасини қандай пасайтириш мумкинлиги борасида фикрлари билан ўртоқлашди.

Кахконеннинг таъкидига кўра, Марказий Осиё минтақасининг аксарият мамлакатлари иқтисодида "долларлашув" даражаси юқори. Аммо долларга тобеликни пасайтириш мумкин. Бунинг учун миллий валютага бўлган ишончни орттириш талаб этилади.

Кахконен Марказий банк бу борада салмоқли ишни амалга ошириши мумкинлигини қайд этди.

"... мисол учун - резервларни кўпайтириш, резервлар бўйича чет эл валютасига бўлган талабларни кучайтириш керак. Лекин аҳоли ва инвесторларда маҳаллий валютага ишонч бўлиши жуда муҳим", - деди у. 

ХВФ вакилига кўра, Марказий банк миллий валютага бўлган ишончни ижобий томонга ўзгартириши учун у инфляция даражасини назоратда ушлаб тура олишини кўрсатиши керак. 

"Йил давомида - бошида ва охирида, қолаверса, йилдан йилга инфляция кутилган прогноз кўрсаткичларига мос бўлса истеъмолчилар ёки бизнес структураларда кредит олишда ёки жамғарма очишда чет эл валютасидан фойдаланишлари учун сабаблар камаяди", - деб таъкидлади Кахконен. 

Шу билан бирга, Кахконен Ўзбекистонда нархлар либераллашуви жараёни кечаётгани туфайли маълум вақт инфляцияни битта рақам даражасига олиб келиш қийин бўлишини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 9 ноябр куни ХВФ департаменти директори ўринбосари Юха Кахконен "Минтақавий иқтисод таҳлили" доклади билан чиқиш қилди. Кахконен Ўзбекистон Ҳукуматининг солиқ соҳасида ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш бўйича амалга ошираётган ишларига, шунингдек, нархларни либераллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларига ижобий баҳо берди. 

Халқаро валюта фонди маълумотига кўра, 2018 йилда Ўзбекистонда инфляция 19,2 %, 2019 йил эса 14,9 % даражасида кутилмоқда. Марказий банк раиси ўринбосари Илҳом Норқулов эса ҳукумат 2018 йил якунида инфляция даражаси 16-17 % ва 2019 йилда 13-15 % бўлишини прогноз қилди.

 

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!