Угандада 9-лига клуби дарвозабони қирол бўлиши мумкин
Угандадаги Торо қироллиги тахтига Англиянинг Лондондаги 9-лига даражасидаги ҳаваскор футбол клуби дарвозабони ва капитани Жорж Десмонд Камураси даъвогар бўлди.
36 ёшли Камураси Торо қироллигида яқинда вафот этган қирол Ойо Ньимба Кабамба Игуруки IVнинг амакиваччаси ҳисобланади. Угандадаги анъанага кўра, Камураси қироллик тахтининг эҳтимолий ворисларидан бири сифатида кўрилмоқда.
Торо — Угандининг ғарбий қисмида жойлашган тарихий қироллик бўлиб, унда бир миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. Угандада бир нечта қиролликлар сақланиб қолган. Улар мамлакат сиёсий ҳаётида жиддий ваколатларга эга эмас, аммо маданий ва тарихий жиҳатдан муҳим ўрин тутади.
«Big G» лақаби билан танилган Камураси Англияда туғилиб ўсган. Унинг бобоси Жорж Рукиди III Торо қироли бўлган. Яқинда саратон касаллигидан 34 ёшида вафот этган қирол Ойо унга қариндош ҳисобланади.
Камураси икки йил аввал ижтимоий тармоқда Уганда билан маданий алоқасини сақлаб келаётганини ёзган. У ўзининг Угандага бўлган меҳри, айниқса, ота-онаси унга ўргатган меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик ва матонат каби қадриятлар билан боғлиқ эканини таъкидлаган.
Бироқ Камурасининг ҳаёти ҳозирча Лондон билан чамбарчас боғланган. У оиласи билан Англияда яшайди ва унинг асосий қизиқиши футбол ҳисобланади. У South East Dons ҳаваскор клубида дарвозабон сифатида тўп суради. Жамоа Англия футболининг 9-лигаси даражасида иштирок этади.
Камураси клубда нафақат дарвозабон, балки жамоа капитани ҳамдир. У футболчиларни бирлаштириб, муҳим ўйинларда уларни руҳлантириб келади.
Шу сабабли Камураси ҳозирча футбол майдонини ташлаб, қироллик тахтига ўтиришга тайёрми-йўқми, аниқ қарор қилмаган. Британия оммавий ахборот воситаларига кўра, у номзодликни қабул қилиш масаласида ҳали иккиланмоқда.
Ҳатто Камураси ўз амакиваччасининг дафн маросимида иштирок эта оладими-йўқми, бу ҳам номаълум. Чунки дафн маросими белгиланган санада унинг клуби учун муҳим кубок учрашуви режалаштирилган.
Шу билан бирга, 21 кишидан иборат махсус қўмита Камурасини Торо тахтига номзод сифатида таклиф қилган. Уганда президенти ҳам ушбу танловни маъқуллаган.
Энди якуний қарор Камурасининг ўзига боғлиқ. У Лондондаги футболчилик фаолиятини давом эттирадими ёки Угандага бориб, Торо қироллигининг янги қироли бўладими — ҳозирча номаълум.
