Трамп: АҚШ ва Туркия муносабатлари тарихдаги энг яхши босқичда
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ва АҚШ президенти Дональд Трамп қўшма матбуот анжуманида икки давлат муносабатлари ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан баёнот берди.
Президент Эрдоғаннинг айтишича, амалдаги саммит доирасида Туркиянинг АҚШнинг бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётлари дастурига қайта қўшилиши бўйича ижобий қарор қабул қилинишига ишонч юқори. Унинг таъкидлашича, бу масала аввал ҳам АҚШ томони билан муҳокама қилинган ва Анқара дастлабки бешта самолётни етказиб бериш бўйича ваъда олган.
Туркия раҳбари Дональд Трампнинг Анқарага ташрифини юқори баҳолаб, АҚШ президентининг Туркия пойтахтида бўлиши икки давлат муносабатларини янада мустаҳкамлашини таъкидлади. Эрдоғаннинг сўзларига кўра, Трамп ҳар доим ўз сўзида туради ва у саммит музокаралари ижобий якунланишига умид қилмоқда.
Учрашувда мудофаа соҳасидан ташқари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги муҳим масалалар ҳам муҳокама қилинди. Эрдоған Туркия Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни барқарорлаштириш орқали глобал тинчликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга интилаётганини билдирди. Шунингдек, Россия—Украина можаросини ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва НАТОнинг икки муҳим давлати ўртасидаги ҳамжиҳатликни кучайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Музокараларда ҳарбий-техник ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Туркия ташқи ишлар вазири Ҳақан Фидан ва бошқа расмийлар миллий KAAN қирувчи самолёти учун двигателлар етказиб бериш масаласини муҳокама қилишга тайёргарлик кўради.
Дональд Трамп Туркиянинг ҳарбий салоҳиятини юқори баҳолаб, Эрдоған раҳбарлигида мамлакат ҳарбий жиҳатдан жуда кучайганини ва бутун дунёда ҳурмат қозонганини таъкидлади. Шунингдек, у агар учрашув дўсти Эрдоған раҳбарлик қилаётган Туркияда ўтмаганида, эҳтимол унда иштирок этмаган бўлишини айтди.
Трамп Вашингтон ва Анқара ўртасидаги муносабатларни «тарихдаги энг яхши босқич» деб атади. Журналистларнинг Туркия мудофаа саноатига нисбатан жорий этилган CAATSA санкциялари ҳақидаги саволига жавобан АҚШ президенти Вашингтон мазкур чекловларни бекор қилиш имкониятини кўриб чиқиши мумкинлигини билдирди.
