Тошкентдан 836 км узоқликда қурилган метро ҳақида биласизми?

Тошкентдан 836 км узоқликда қурилган метро ҳақида биласизми?

Тошкентдаги метродан 836 км узоқликда 23 йил давомида қурилган Олмаота метро йўналиши 2011 йили 1 декабрда ишга тушди. Орадан икки йил ўтиб, янги иккита метро бекати фойдаланишга топширилди. Метро бекатларида ўзгача туюлган жиҳатларга тўхталамиз.

Жуда пастда, лекин қисқа!

Дастлаб 8,6 км узунликдаги бир йўналиш билан ишга тушган Олмаота метрополитенига 2015 йил 2,74 км масофа қўшилди. Шундай қилиб, 9та метро бекатига эга Олмаота метрополитени жуда замонавий анжом ва воситалар билан жиҳозланган. Иш вақти 6:20дан 23:30гача давом этади.

Ҳа, Олмаота метроси қайсидир маънода Москва ёки шу каби мегаполислар метрополитенини эслатиб юборади. Бекат кассасига етиб бориш учун одатланганимдан кўра кўпроқ қадам ташладим. Эскалатордан тушаётган кишининг боши айланиб кетиши мумкин.

Текширади, металлодетектор ҳам бор

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бекатга киришим билан икки нафар хавфсизлик хизмати ходимларига дуч келдим. Энди сумкаларимни очиб кўрармикан, деб энсам қотди. Асло! Шунчаки металлодетектордан ўтиб, аэропортда бўлгани каби юкларимни сканер аппаратига қўйдим. Бу жараён узоғи билан 15 сония давом этади. Кейин кассага йўналиб, жетон сотиб олдим. у 80 тенге (тахминан 2000 сўм) туради. Жетон ташлайдиган жой ҳам, касса ҳудуди ҳам ўта замонавий жиҳозланган.

Энди Тошкент метрополитенида ҳам фотосуратларга туширишга рухсат берилди. Бу Олмаота метросида оддий ҳол, фақат офицерлар турган майдонни, аниқроғини хавфсизлик ходимини суратга олиш мумкин эмас.

Икки қаватли ва ғамхўр бека

Бекат икки қават бўлиб кўрингани билан, аслида ундай эмас. Шунчаки, асосий зинадан тушишга қийналган шахслар, аравачада ўтирган йўловчи ёхуд оғир юки билан метрода кетишни ният қилганлар ҳам манзилга қийинчиликсиз етиб олиш учун шундай қилинган. Ўртада лифт мавжуд, шу орқали зинадан тушмаган биринчи қаватга осонгина пастлайсиз.

Олмаота метро бекатларида ногиронлиги бўлган шахслар ҳеч кимнинг ёрдамисиз ҳам бемалол манзилга етиб боради. Кўзи ожизлар учун махсус чизиқ тортилган. Чизиқ бўйлаб брайл алифбоси каби бўртиб чиққан тугмачалар мавжуд.

О, бу вагонлар...

Метрода ҳаракатланаётган вагонлар орасида тўсиқ йўқ, бунинг қулай жиҳати ҳам бор. Масалан, исталган вагонга чиқсангиз ҳам, одамлар орасидан юриб, бўш жой топасиз. Вагонда реклама мавжуд, аммо у қоғозда кам кўзга ташланади. Асосан лед-монитор орқали намойиш этилаётган замонавий рекламаларни томоша қилдим. Айтганча, Қозоғистонда давлат тили қозоқ тили, шу билан бирга рус тили ҳам расмий тил сифатида тан олинган. Мантиқан вагонда янграётган эълонлар ҳар икки тилда бўлиши керак, аммо инглиз тилида ҳам маълумот берилиши ёқди. Олмаота хорижий сайёҳларни ҳам унутмайди.

Манба: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!