Тошкентдаги метан заправкаларнинг ишлаш вақтига чеклов ўрнатилди
Тошкент шаҳридаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларининг газ узатиш графигига 7 декабрдан бошлаб вақтинчалик чеклов ўрнатилди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Тошкент» директори вазифасини бажарувчи Дилшод Ғофуров томонидан газ заправкалари раҳбарларига юборилган хатга таяниб «Gazeta.uz» хабар берди.
Факсограммада қайд этилишича, мазкур қарор ҳаво кескин совуб кетгани сабаб аҳолини, ижтимоий ва стратегик объектларни узлуксиз газ билан таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Шу сабабли пойтахтдаги 54 та газ заправкасининг барчаси янги жадвал бўйича ишлайди, яъни соат 17:00 дан 05:00 га қадар газ таъминоти узилади.
«Ҳудудгазтаъминот» компанияси ушбу хабарни тасдиқлаган ва автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иссиқлик таъминоти билан шуғулланувчи корхоналарнинг катта диаметрли газ трубаларига уланганини таъкидлаган.
«Ҳудудгазтаъминот»нинг аниқлик киритишича, чеклов «магистрал газ қувурларидаги босим нормаллашгунгача» жорий этилади.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги 54 та газ тақсимлаш станцияларида янги иш жадвали жорий этилиши ва навбатма-навбат (бирданига эмас), ҳар уч кунда бир марта — соат 19:00 дан 07:00 га қадар газ таъминотини тўхтатиб туриш режалаштирилгани тўғрисида хабар берилганди. Кейинроқ Энергетика вазирлиги 1 ноябрдан Тошкентдаги газ «заправка»лари иш тартибига ўзгартириш киритилмаганини маълум қилганди.
