Тошкентда бугунги зилзила оқибатида институт хонасидаги шифт кўчиб тушди (видео)

Тошкентда бугунги зилзила оқибатида институт хонасидаги шифт кўчиб тушди (видео)

Ижтимоий тармоқларда 24 январь, жума куни Тошкент архитектура-қурилиш институтида хона шифти кўчиб тушганига доир видеохабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилишларича, видеода акс этган ўқув хонаси Шайхонтоҳур тумани Пахтакор кўчаси 3-уйда жойлашган бўлиб, унда 2019 йилнинг октябрь ойидан бери дарс машғулотлари олиб борилмайди, бинонинг ўзи капитал таъмирлаш манзилли дастурига киритилган.

«Бино 1950 йилда қурилган. Капитал таъмирга муҳтож мазкур бинонинг 3-қаватидаги 310-аудитория шифти осилиб қолгани сабаб, 2019 йил октябридаёқ ёпиб қўйилган», — дейилади Қурилиш вазирлиги ахборотида.

Алоҳида қайд этишларича, Тошкентда 24 январь куни кундузи кузатилган 2—3 баллик ерости силкинишлари оқибатида хонадаги осилиб қолган шифтнинг 5 квадрат метри кўчиб тушган.

«Ҳолат юзасидан Қурилиш вазирлиги томонидан ФВВ ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ишчи гуруҳи тузилди, воқеа жойига борилиб, вазиятни ўрганган ҳолда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», — дея қўшимча қилинган вазирлик ахборотида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!