Тошкент вилоятида содир бўлган даҳшатли ЙТҲ 4 кишининг умрига зомин бўлди

Тошкент вилоятида содир бўлган даҳшатли ЙТҲ 4 кишининг умрига зомин бўлди

5 декабрь куни Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Қамчиқ довони ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга бўлган А-373 “М39 Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон-Ўш” автомобиль йўлининг  214-километрида даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди, деб ёзади "Кун" нашри. «Нексия-2» енгил машинасининг IVECO русумли автокраннинг орқа томонига келиб урилиши оқибатида енгил машинада бўлган 4 киши, шу жумладан ҳайдовчи Қ.Б. олинган жароҳатлардан ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ Kun.uz’га маълум қилди. 

Дастлабки хулосаларга кўра, 1985 йилда туғилган ҳайдовчи Қ.Б. соат кечки 18-45 атрофида «Нексия-2» автомобилини Ангрен-Наманган йўналишида бошқариб кетаётиб, ухлаб қолган ва йўл қурилиш ишларида хизмат кўрсатаётган ҳамда бетон тўсиқларни жойлаётган IVECO русумли махсус автокраннинг орқасига урилиб, тўқнашув содир этган. Енгил машина ичидаги 1992 йилда туғилган Қ.Ф, 1999 йилда туғилган Ф.Ҳ. ҳамда 1936 йилда туғилган А.К.лар ҳам олинган жароҳатлардан автоҳалокат жойида вафот этишган. Яна бир йўловчи, 1995 йилда туғилган О.А. Ангрен шаҳар тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу муносабат билан, Тошкент вилояти ИИб ЙҲХБ ва Kun.uz таҳририяти ҳам аҳолига транспорт хизматини кўрсатувчи ҳайдовчиларга мурожаат қилиб,  узоқ сафарга йўлга чиқишдан аввал меъёрида дам олиш, автоуловни техник созлигига ишонч ҳосил қилиш, автомашинани тегишли ҳужжатлар асосида бошқариш, огоҳлантирувчи йўл белгиларига эътиборли бўлиш ҳамда умуман йўл қоидаларига оғишмай амал қилишни тавсия қилиб қолади. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!