Талабаларнинг ҳиқилдоғига келган ички қоидалар ҳақида

Талабаларнинг ҳиқилдоғига келган ички қоидалар ҳақида

Келинг, яна мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари ҳақида фикрлашамиз. Хусусан, кўпчилик талабаларнинг ҳиқилдоғига келган ички қоидаларга тўхталамиз.

  1. Дресс-код. Қоғозга ўраб «кийиниш маданияти» деб аталадиган бу қоида энг муҳим талаблар қаторига кириб қолишининг боиси нимада?

А) Талабалар ўртасида визуал жиҳатдан табақаланишнинг олдини олишми?

Б) Ўзбекчиликка тўғри келмайдиган турли-туман кийим-кечаклар кийганларнинг кўзга тикондек қадалишини олдини олишми?

В) Балки «ибодат кийимлари»ни кийиб, диндорликни «тарғиб» қилишнинг олдини олишдир?

Г) ОЎЮлари раҳбарларининг турли идоралардан бўлаётган талаб (босим)ларга жавобан амалга ошираётган ҳаракатлар натижасими?

Юқорида айтилган сабабларнинг ҳаммаси ҳам бўлиши мумкин. Бу чеклов қандай натижа беряпти деб ўйлайсиз? Ташқаридан қараганда, олийгоҳлардаги талабалар бир хил кийингандай. Бу ҳолат эстетик жиҳатдан кишига завқ беради, деб айтолмайман. Табақаланишнинг олди олиняптими? Йигитлар учун оқ кўйлак ва қора шим, тақиладиган галстукнинг арзон, қиммати ташқи жиҳатдан фарқ қилмайди, деб ўйласангиз адашасиз. Барибир ким ўзига тўқ. Ким сал берироқ даромадга эга дарров пайқайсиз. Демак бир сабабни бекор қилсак бўлади.

Ўзбекчиликка тўғри келмайди, деб атайдиганимиз кийимлар деярли кўзга ташланмайдими? Ҳарорат иссиқ пайтларда «қоида»га тўғри келмайдиган тарзда кийинганларга кўп дуч келасиз. Ўзи нега биз ҳаммани ўзбекона кийинишга мажбурлашимиз керак? Ҳар ким ўзига қулай бўлган кийим билан юриши «маънавиятимиз»ни бузиб юборадиган бўлса, жуда нозик эканда маънавий оламимиз ҳам. Олийгоҳларимизда вояга етганлар таълим олишини ҳисобга олсак, бундай эзгу мақсад билан бунақа чеклов қўйиш юмшоқ қилиб айтганда, ўринли эмаслигини англаб турибмиз.

Кейинги сабаб ҳам охирги пайтда аҳамият касб этиб қолди. Негадир одамларнинг диндорлашувидан жуда қўрқадигандекмиз. Айниқса, бу ташқи кўринишда намоён бўлса, ички қўрқувимиз янада кучаяди. «Дресс код» деганлари бундай диндорлашувнинг визуал кўрсаткичини бартараф қиладиган туюляпти.

Энди охирги сабабга келсак, ана шунинг фоиз миқдори биз «алқаётган» дресс код жорий этилишида кўпроқ ўрин тутади, назаримда. Қайси босқичда бўлишидан қатъи назар таълим билан бирга тарбия олиб борилиши керак деган тушунча (мафкура десак муболаға бўлмас) баҳонасида таълим муассасалари раҳбар-ходимларига босиб ўтказадиган идоралар кўп. Жиноятчиликнинг олдини олишдек улуғвор ва масъулиятли вазифаларни юклаб қўйишади. Барака топгур, бу ўқитувчиларнинг иши эмас. Бунинг учун ички ишлар, прокуратура, хавфсизлик хизмати деган ташкилотлар бор. Ўқитувчилардан кўра кўпроқ маош оладиган, ижтимоий жиҳатдан яхши ҳимояланган, контингенти бўйича ҳам ўқитувчилардан кам бўлмаган катта бир «армия» ишига нега ўқитувчилар ҳам масъул бўлиши тушунарсиз. Айниқса, вояга етиб бўлганларга таълим берадиган олий ўқув юртларимизга бундайин ортиқча «юклар»ни оқлайдиганларни тушунмайман, тушунишни ҳам истамайман.

Тақдир тақазоси билан жиноят содир этиб қўйган талаба ортидан у таълим оладиган ўқув юртига қанча-қанча муаммолар келишини билсангиз керак. Биринчи ўринда, талабанинг куратори, у ўқийдиган факультет декани, ўқув юртининг маънавият ишларига масъул шахслари кам деганда ҳайфсан олади ёки ишдан ҳам ҳайдалиш эҳтимоли бор. Шунақа босимлардан қутулиш учун раҳбарият нима қилади? Ҳамма соҳада қўл келаётган чекловлар жорий қилишга тушади. Конституцион ҳуқуқлар бузилишини билади, лекин буни турлича хаспўшлашга ҳаракат қилади. Талабаларни назоратда ушламаса, олий ўқув юртида хаос келиб чиқадигандек туюлади.

Хуллас, ОЎЮларимизда дресс кодни бекор қила оламизми? Тўғрироғи, ОЎЮларининг ўзи буни бекор қила оладими? Албатта, қила олади. Бунинг учун уларга бўладиган босимни йўқотиш керак, раҳбарлик лавозимларига янгича фикрлайдиганларни қўйиш керак.

  1. Ички тартиб-қоидалар. Юқорида таҳлил қилганимиз дресс коддан ташқари бир қанча қоидалар ҳам борки, булар ОЎЮ ичида амал қилади. Кўпроқ талабалар турар жойларида жорий этилиши кўп кўзга ташланади.

Бу борада қандай эътироз бўлиши мумкин. Ётоқхона ўзиники, қоидаларни ҳам ўзи белгилайди. Чидаса яшасин, бўлмаса ижарада яшаб ўқийверсин, деганларга жўяли жавоб қайтара оламизми? Чекловлар асосланмаган ҳолларда бемалол эътироз билдирсак бўлади. Масалан, яқинда рўй берган ҳолат бўйича гаплашсак. «Тролл.уз» телеграм канали админстратори билан ТАТУ талабалари ўртасидаги можаро туфайли Умид Гафуров ТАТУ ректори билан суҳбат қурди. Бу суҳбатдан лавҳа унинг телеграм каналида эълон қилинди. Суҳбатдан маълум бўладики, ТАТУ талабалар ётоқхонасида талабаларнинг шахсий компьютерларидан фойдаланмаслиги ҳақидаги чекловлар уларнинг турли бемаъни сайтларга кириб, вақтини беҳуда ўтказишларининг олдини олиш учун жорий этилибди. ТАТУ талабалари дастурлаш ишларини ўз компьютерида қилиш имкониятларидан, камида ётоқхонада яшовчилар мосуво бўлар экан. Муқобил сифатида ётоқхоналарда ўрнатилган компьютерлар айтиляпти. Бу реал шароитни билганлар учун ечимдай кўринмайди. Энг камида шу ОЎЮда бундай чеклов қўйилишининг ўзи жуда кулгили.

Мулоҳазаларимни якунлар эканман, юқоридаги масалаларда ўз фикримни лўнда қилиб ёзиб қўйгим келди.

Дресс код олий ўқув юртлари учун керак эмас. Бунга амал қилинмади, деб бериладиган ҳар қандай жазо қонундан ташқарида деб ҳисоблайман. Бунинг ўрнига эътиборни таълим бериш сифатига қаратган маъқул. Пул тўлаб ўқиётган талабани бевосита билим олишига ҳалал бермай виждонан таълим берайлик. Тарбияни ота-онасидан, жамиятдан олаверсин. Ҳар ҳолда улар вояга етган шахслар.

Ётоқхонадаги ички тартиб-қоидалар бўлишига қарши эмасман, лекин мантиқдан чиқиб кетмайлик. Талаба имкони йўқлигидангина ётоқхонада туришини унутмайлик. Имкон қадар унинг эркинлигини бўғмаганимиз маъқул.

Олий ўқув юртларимиздан тарбия масъулиятини батамом олиб ташлаш тарафдориман. Маънавият бўйича проректор, декан ўринбосари ва шунга ўхшаш лавозимлар кераксиз деган фикрдаман. Талабаларни эффектив билим олиши учун уларни адабиёт, санъат ва шунга ўхшаш тадбирлар билан банд қилмоқчи бўлсак, булар ихтиёрий бўлсин.

Ҳар қандай идора, у қайси турдаги ҳокимиятга қарашли бўлмасин, маънавиятни юксалтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш каби эзгу мақсадлар билан бўлса ҳамки, ОЎЮларига босим ўтказа олмасин. Хуллас, ҳамма ўз ишини қилсин.

P.S. Мулоҳазаларимни тугалламоқчи бўлган пайтим телеграм орқали ОЮЎ кафедра мудирларига турли ишчи комиссиялар дарсга кеч келиш, давомат ва кийиниш маданияти бўйича текширувлар бошлаши ҳақида телефонограмма келганлиги ҳақидаги хабар келди. Ҳамма яна бутун эътиборини ана шу масалаларга қаратади энди. Дарс эса бир гап бўлар, асосийси, қоғозлар жойида бўлиши керак. Қоғозбозлик ҳақида кейинги сафар тўхталармиз.

Xabar.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!