Саудия Арабистони АҚШнинг Эронга зарба бериш эҳтимолини яширин равишда қўллаб-қувватлаган
Саудия Арабистони АҚШнинг Эронга зарба бериш эҳтимолини яширин равишда қўллаб-қувватлаган — Axios.
Нашр манбаларига кўра, Саудия Арабистони мудофаа вазири шаҳзода Холид бин Салмон жума куни Вашингтондаги ёпиқ брифингда агар Доналд Трамп Эронга қарши таҳдидларини амалга оширмаса, “Оятуллоҳ режими” кучайиши мумкинлигини билдирган.
"Жамоатчилик олдида Саудия Арабистони минтақадаги кескинлашувдан эҳтиёт бўлишни огоҳлантириб келади. Уч ҳафта олдин эса валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Трамп билан Эронга зарба бериш бўйича ўз хавотирини бўлишган эди. Айнан шу огоҳлантириш Трампни зарбани кечиктиришга ундаган", деб ёзмоқда Axios.
Маълум қилинишича, валиаҳд шаҳзоданинг укаси шаҳзода Холид бин Салман Эрон бўйича учрашувлар учун Вашингтонга келган. Пайшанба куни у Оқ уйда АҚШ давлат котиби Марко Рубио, Мудофаа вазири Пит Ҳегсет, Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва Қўшма штаблар раиси Ден Кейн билан учрашган.
Axios манбасига кўра, учрашувнинг асосий мавзуси АҚШнинг Эронга зарба бериш имконияти бўлган. Шу билан бирга, чоршанба куни валиаҳд шаҳзода Эрон президенти билан телефон орқали суҳбатда Саудия Арабистони АҚШга Эронга ҳужум қилиш учун ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат бермаслигини билдирган.
Axios маълумотига кўра, Холид бин Салмон жума куни Вашингтондаги учрашувда бир неча ҳафталик таҳдидлар ортидан, Трампга ҳарбий чоралар кўришга тўғри келишини, шу билан бирга минтақавий кескинлашув хавфини камайтиришга ҳаракат қилиши кераклигини айтиб ўтган.
