Самарқандда дабдабали тўй кортежи ҳайдовчилари жаримага тортилди (видео)

Самарқандда дабдабали тўй кортежи ҳайдовчилари жаримага тортилди (видео)

Самарқандда тўй кортежи ҳайдовчилари энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда STV телекомпанияси хабар бермоқда.

Жорий йил 21 февраль куни Самарқанд вилояти, Тойлоқ тумани M-39 автомобиль йўлининг 1089 километрида, Сочак аҳоли яшаш жойида саккизта Captiva ва битта Мерседес-Бенз русумли автомашиналар гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланиб, йўл ҳаракати қоидасини қўпол равишда бузган ҳамда орқа томондаги транспорт воситалари ҳайдовчиларига ноқулайликлар туғдирган.

Кортеж орқасидан келаётган ҳайдовчилар ушбу тўй кортежини тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборган.

Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, автомашиналар жарима майдончасига қўйилди.

Қоидабузарларга нисбатан Маъмурий кодекснинг 129-моддасига асосан (энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилди.

Самарқанд вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотларига кўра, вилоят ҳудудига 2018 йилда жами 184 та тўй кортежи билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланган ва уларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!