Самарқанд вилоят ИИБ муносабат билдирди: аслида фуқаролар ИИБ ходимини урган

Самарқанд вилоят ИИБ муносабат билдирди: аслида фуқаролар ИИБ ходимини урган

«Самарқандда ИИБ ходими аёл кишини уриб ҳушидан кетказди» номли мақола эълон қилган эдик. Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси расмий баёнот берди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси берган маълумотга кўра, жорий йилнинг 19 октябрь куни, соат 21:30 атрофида, Самарқанд вилояти ИИБ ходими Рифат Ҳасанов фуқаролик кийимида, хизматдан ташқари вақтда, турмуш ўртоғи Г.Ҳасанова билан яшаш уйига, ўзига тегишли Lacetti русумли автомашинасида келган. Шу вақтда унинг автомашинаси тураргоҳида номаълум Nexia русумли автомашина турганлигини кўриб, ушбу автомашинани ўзининг автотураргоҳидан олдириб, ўз автомашинасини қўйишни мақсад қилган.

Nexia русумли автомашинанинг эгасини чақириш мақсадида уни қўриқлаш тизимини ишга туширган. Шу вақтда Самарқанд шаҳри, Ш.Руставели кўчасида яшовчи қўшниси Самариддин Саматов келиб, ушбу автомашинага тегинмаслигини айтиб, ҳеч бир сабабсиз ходим Р.Ҳасановга қўпол муносабатда бўлиб, ўзаро тортишиб қолган.

Шундан сўнг, ушбу тортишувга С.Саматовнинг 2 нафар номаълум танишлари ва унинг онаси Сурайё Ашуралиевалар аралашган. Натижада Р.Ҳасановнинг ўнг кўз соҳасига, чап қўл бармоқлари, бош қисмига ҳамда танасининг бошқа жойларига уриб, тан жароҳати етказган.

Олинган тан жароҳати сабабли Р.Ҳасанов 2018 йилнинг 20 октябрь куни Самарқанд вилояти Реабилитация марказига ўнг қош ва ўнг кўз қовоқлари лати, тери ости гематомаси, чап елка лат ейиши, чап қўл 4-бармоғининг ёпиқ синиши ташхиси билан ётқизилган.

Тўпланган ҳужжатларга кўра, ўзаро жанжал вақтида ички ишлар органи ходими Р.Ҳасановда мастлик аломатлари мавжуд бўлмаган. Ҳушёр ҳолатда бўлган ва С.Ашуралиевага ҳеч қандай тан жароҳати етказилмаган. Аксинча С.Ашуралиева унинг ўғли С.Саматовлар жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида, бир неча идораларга мурожаат қилганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодексининг 345-моддаси 2-қисмида мансабдор шахсларнинг жиноятларига доир ишлар бўйича дастлабки тергов прокуратура органларининг терговчилари томонидан олиб борилиши белгиланганлиги сабабли, ушбу ҳолат бўйича текширувни прокуратура органлари олиб боради.

Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ҳамда Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!