Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий ҳамкорлик қандай ривожланмоқда?

Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий ҳамкорлик қандай ривожланмоқда?

Ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия муносабатларида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати икки давлат қуролли кучлари ҳамкорлиги бўйича таҳлилий мақолани эълон қилди.

Ҳарбий ҳамкорлик режаси

2000 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида ҳар йили имзоланадиган Ҳарбий ҳамкорлик режаси асосида амалга оширилади.

Мазкур келишувларни амалга ошириш йўлида томонлар тезкор ва жанговар тайёргарлик, таълим, ҳарбий хизматчиларнинг малакасини ошириш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш, замонавий ахборот коммуникация технологиялари, ҳаво кемалари ҳаракатини бошқариш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишларда кўплаб тадбирларни ташкил этиб келмоқда.

Ўтган давр мобайнида икки мамлакат ҳудудида 300 га яқинҳамкорлик тадбирлари ўтказилгани, бунинг исботи.

Бундан ташқари икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик йўлида норматив-ҳуқуқий база ҳам яратилган. Бу эса давлатлараро, ҳукуматлар ва идоралараро имзоланган ўттиздан ортиқ ҳужжатда ўз аксини топган.

Муносабатлардаги янги саҳифа

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати таъкидига кўра, айниқса, сўнгги икки йил икки давлат алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

2017 йилнинг октябрида Жиззах вилоятидаги "Фориш" тоғ дала ўқув майдонида 12 йил деганда биринчи маротаба Россия ҳамда Ўзбекистон кучлари бўлинмалари ўртасида қўшма машғулот ўтказилди.

Бундан олдин Ўзбекистон—Россия ўртасидаги сўнгги ўқув машғулотлари айнан мана шу полигонда 2005 йилда ташкил этилган эди. 12 йиллик танаффусдан кейин қўшма машғулотда икки мамлакатдан жами 400 нафарга яқин ҳарбий хизматчи иштирок этди.

Қўшма машғулот давомида ҳарбийлар шартли террорчилар гуруҳини қидириб топиш ва уларни йўқ қилиш, шунингдек, мураккаб тоғли ҳудудларда махсус операцияларни ўтказиш бўйича ўзаро тажрибалари билан алмашдилар.

2017 йилнинг ўзида яна иккита диққатга сазовор ҳодиса рўй берди. Биринчидан, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси қошида ҳарбий атташе лавозими жорий этилди.

Иккинчидан, минтақада хавфсизликни таъминлаш масалаларига бағишланган Ўзбекистон–Россия маслаҳатлашувларининг 5-босқичи Тошкентда бўлиб ўтди.

2018 йилнинг 21 май санасида Россия мудофаа вазири армия генерали Сергей Шойгу бошчилигидаги ҳарбий делегация расмий ташриф биланЎзбекистонга келган эди. Олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов кутиб олди.

Томонлар мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ва унинг истиқболларини муҳокама қилиб, ҳарбий-техника йўналишида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашган эдилар.

Шу йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон ва Россия мудофаа идоралари раҳбарлари яна бир бор Тошкентда учрашди. Томонлар икки мамлакатнинг мудофаа соҳасига оид масалаларини ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Абдусалом Азизов Россия мудофаа вазири билан суҳбатда россиялик ҳарбий мутахассислар билан қўшма тадбирларни ўрказиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этиб ўтди.

Учрашув якунида Ўзбекистонва Россия мудофаавазирлари томонидан 2019 йилги икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасиҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг ҳарбий ҳаво кемалари томонидан икки мамлакат ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича келишувлар имзоланди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!