Қандай амал мени жаннатга сазовор қилади?

Қандай амал мени жаннатга сазовор қилади?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг марҳаматга оид баъзи ҳадислари:

Умматимнинг саралари ўқиган намозлари ва тутган рўзаларининг кўплиги билан эмас, юракларининг тозалиги, кўнгилларининг кенглиги ва барча мусулмонларга марҳаматли бўлишлари билан жаннатга кирадилар.

Марҳаматлиларга Аллоҳ марҳамат қилади. Ердагиларга марҳамат қилсангиз, кўкдагилар ҳам сизга марҳамат кўрсатишади.

Марҳамат қилмаганга марҳамат қилинмайди. Кечирмаган одам ўзи ҳам кечиримга сазовор бўлолмайди.

Молик ибн Анас ривоят қилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар:

“Тўрт нарса сенинг зиммангда мусулмонларнинг ҳақлари жумласидандир:

1. Яхши ахлоқларни қўлламоқ.

2. Гуноҳкор мусулмонлар учун тавба-тазарруда бўлмоқ.

3. Касалларни кўргани бориб, шифоланишини тиламоқ.

4. Гуноҳлари юзасидан тавба қилиб, ёмон феълларини ташлаганларни жондан севмоқ.

Ҳазрати Мусо сўради:

– Эй Раббим, мени қай сабабга кўра тақволи банда сифатида қабул қилдинг?

Рабби буюрди:

– Махлуқотингга марҳаматли бўлганинг учун.

Саҳобалардан бири Абуддардо болалар тутиб олган чумчуқларни улардан пулга сотиб олар ва:

– Оқ йўл, омон бўлинглар! – деб қўйиб юборарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:

– Мўминлар бир-бирларига раҳм-шафқат, марҳамат, севги ва дийдор бобида бир вужудга ўхшайдилар. Вужуднинг бир аъзоси касалга чалинганда бошқа аъзолар ёрдамга келиб, касалликка қарши ҳимояга ўтадилар, бирга қаршилик қиладилар.

Бир кун Исо Алайҳиссалом Иблис билан учрашиб қолади. Иблиснинг бир қўлида асал, бир қўлида кул бор эди. Ҳазрати Исо сўрайди:

– Эй Аллоҳнинг душмани, бу асал ва кулни нима қиласан?

Иблис жавоб беради:

– Асални ғийбатчиларнинг лабларига сураман, токи ғийбатни мазза қилиб давом эттирсинлар. Кулни эса етимларнинг юзига сепаман, токи ҳар ким уларни ҳақир (эътиборга нолойиқ) кўрсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам етимлар борасида баъзи ҳадисларида шундай дейдилар:

– Етимларнинг йиғисидан Арш ҳам титрайди.

Аллоҳ айтадики:

– Эй малакларим, отасини тупроқда йўқ қилганим бу болани ким йиғлатди! Кимки етимни егулик ва ичгулик билан (нон-сув билан) таъмин этса, ё боқиб олса, Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилади.

Ҳикоя қилишларича, Иброҳим Алайҳиссалом тамадди қилишдан олдин бир-икки чақирим айланиб юрарканлар, дастурхонга бирга ўтиришга одам ахтарарканлар.

Бир кун Ҳазрати Али йиғлаб ўтирарди. Кўрганлар нега йиғлаётганини сўрашди. Шундай жавоб берди:

– Етти кундирки, дастурхонимга битта ҳам меҳмон келмади. Аллоҳнинг назарида эътибордан қолганга ўхшайман. Шундан қўрқиб йиғлаяпман.

Бу мавзуда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадислари:

– Ким Аллоҳнинг ризоси учун бир очни тўйғазса, унинг учун жаннат вожибдир. Кимки бир очнинг тамадди қилишйга монелик қилса, Аллоҳ қиёмат куни ундан фазилатини олиб қўяди ва уни азоблайди.

– Сахий киши Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, инсонларга яқиндир, жаҳаннамдан узоқдир.

– Бахил киши Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, инсонлардан узоқдир, жаҳаннамга яқиндир.

– Аллоҳнинг наздида жоҳил, лекин саховатли киши обид, лекин бахил кишидан севимлироқдир.

– Қиёмат куни бўлганда инсонларнинг тўрт тоифаси сўроқсиз, саволсиз жаннатга киради:

1. Илмига амал қилган олим.

2. Аллоҳ ризоси учун ҳажга борган ва бундан кейин ўлгунча ҳеч ёмонлик қилмаган киши.

3. Исломиятни тушунтирмоқ ва ёймоқ мақсадида иймонсизлар билан урушган ва шаҳид бўлган киши.

4. Ҳалол мол-мулк орттирган, сўнгра риёга берилмай ва кўз-кўз қилмай, бу молини Аллоҳ йўлида харжлаган сахий киши.

Мана шулар «олдин сиз киринг», «сиз киринг» қилиб, бир-бирларига йўл бўшатиб, бир-бирлари билан муноқаша қиладилар.

Ибн Аббос ривоят қилади:

Аллоҳ Расули билдирдилар:

– Аллоҳнинг шундай бандалари борки, бошқа бандаларининг манфаати учун уларга кўп неъматлар беради. Ким бу манфаатлар устидан бахиллик қилса, Аллоҳ у неъматларни олиб, бошқасига беради.

– Саховат жаннат дарахтлари орасида шундай бир дарахтки, шохлари бу дунёда кўриниб туради. Ким бу шохлардан бирига ёпишса, у шох уни жаннатга элтади.

Жобир ҳикоя қилади:

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амаллар фазилатлироқ, эй Аллоҳнинг Расули?!» – деб сўрашганда:

– Сабр ва саховат! – деб жавоб бердилар.

Яна саҳобалардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай деди:

– Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, қандай амал мени жаннатга сазовор қилади?

– Едирмоқ, ҳар бир шахснинг соғлигини тиламоқ, гўзал ва тўғри сўз айтмоқ мағфирати мужиб сабаблардандир.

 

Абу Ҳомид Ғаззолий, 

“Мукошафат-ул қулуб” китобидан

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!