Путин Украинадаги стратегик мақсадларига эриша олмадими?
АҚШ Мудофаа вазирига кўра, Путин Украинадаги стратегик мақсадларига эриша олмади.
“Путин урушнинг деярли 1000 куни давомида ўз стратегик мақсадларининг бирортасига ҳам эриша олмади. Украина президенти Володимир Зеленский қочиб кетмади. Киев қуламади. Украина ҳам таслим бўлмади,” — дея таъкидлади АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Украинага тўртинчи ташрифи чоғида. Унинг сўзлари “Foreign Affairs” нашрида келтирилган.
Остиннинг фикрича, бунинг ўрнига Россия “Путиннинг империя орзуси” учун даҳшатли нарх тўлади: юз минглаб одамини йўқотиб, 200 миллиард доллардан ортиқ маблағини беҳуда сарфлади.
Украина АҚШ хавфсизлиги учун тўрт сабабга кўра муҳимдир. “Путиннинг уруши — бу Европа хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид, НАТО бўйича иттифоқчиларимизга очиқ чақирув, умумий қадриятларимизга ҳужум ва қоидаларга асосланган халқаро тартибга қарши тўғридан-тўғри зарбадир,” — дея такидлаб ўтди у.
Остиннинг айтишича, Украина Путиннинг қўлидан жуда кўп азият чекди, аммо у мустаҳкам турибди ва ҳатто кучайди ҳам. Вазирнинг таъкидлашича, АҚШ Украинага ёрдам бериш учун 58 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган, шунингдек, уларнинг иттифоқчилари ва ҳамкорлари умумий хавфсизлик масъулиятини баҳам кўришмоқда. Ёлғиз Германиянинг ўзи Украинага тахминан 31 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатган ёки кўрсатишга ваъда берган.
“Путин Украина таслим бўлади деб ўйлаганди. У адашди. Путин демократияларимиз таслим бўлади деб ўйлаганди. У адашди. Путин эркин дунё қўрқади деб ўйлаганди. У адашди. Путин ғалаба қозонаман деб ўйлаяпти. У адашяпти,” — дея таъкидлади Остин.