Путин 9 майда Украинага расман уруш эълон қилиши мумкин — АҚШ

Путин 9 майда Украинага расман уруш эълон қилиши мумкин — АҚШ

Россия президенти Владимир Путин 9 майдаёқ Украинага қарши расман уруш эълон қилиши мумкин, бу эса Россия захираларини Украина шарқи ва жанубини эгаллаш учун тўлиқ сафарбар қилиш имконини беради, дейди AҚШ ва Ғарб расмийлари.

Россияда “Ғалаба куни” деб номланувчи 9 май 1945 йилда русларнинг фашистлар устидан қозонган ғалабаси муносабати билан нишонланади. Ғарб расмийлари узоқ вақтдан бери Путин куннинг рамзий маъноси ва тарғибот қийматидан Украинадаги ҳарбий муваффақиятни эълон қилиш ва/ёки жанговар ҳаракатларни кучайтириш учун фойдаланишига ишонишган.

Расмийлар 9 май куни Путин Украинага расман уруш эълон қилиши мумкинлиги акс этган сценарийдан хабар топишди. Шу кунгача Россия расмийлари можаро фақат “деназификация”дан иборат “махсус ҳарбий операция” эканини таъкидламоқда.

9 май куни расмий уруш эълон қилиниши Россия фуқароларини жонлантириши ва босқин тарафдори бўлган жамоатчилик фикрини ошириши мумкин. Бу, шунингдек, Россия қонунчилигига кўра, Путинга заҳирадаги кучларни сафарбар қилиш ва расмийларнинг фикрича, ҳарбийлар тақчиллиги ошиб бораётган бир пайтда Россияга жуда муҳтож бўлган чақирилувчиларни чақириш имконини беради. Ғарб ва Украина расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, Россия икки ойдан сал кўпроқ вақт олдин бостириб кирганидан бери урушда камида 10 минг рус аскари ҳалок бўлган.

9 майнинг бошқа вариантлари орасида Украина шарқидаги Луганск ва Донецк ҳудудларини аннексия қилиш, жанубда Одессага қарши йирик ҳужум уюштириш ёки жанубдаги порт шаҳри Мариупол устидан тўлиқ назоратни эълон қилиш киради.

AҚШнинг ЕХҲТдаги элчиси Майкл Карпентер душанба куни Россиянинг Луганск ва Донецкни май ойининг ўрталарига қадар аннексия қилишга уриниши ҳақида AҚШ “ўта ишончли” разведка маълумотларига эга эканлигини айтди. Шунингдек, Россия жануби-шарқидаги Херсон шаҳрида “халқ республикаси”ни эълон қилишни ва унга қўшиб олишни режалаштираётган бўлиши мумкинлигига ишоралар бор.

AҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс душанба куни "руслар 9 майдан ташвиқот мақсадида фойдаланиш учун қўлларидан келганини қилишларига ишониш учун кучли асослар бор" деди.

"Биз руслар Украинадаги жанг майдонидаги тактик ва стратегик муваффақиятсизликларидан чалғитиш учун ўзларининг тарғибот ҳаракатларини ҳақиқатан ҳам икки баравар оширганини кўрдик", деди Прайс Давлат департаменти брифингида.

Прайс 9 май куни "Россия расман уруш эълон қилиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни эшитганини" ва "агар Москва уруш эълон қилиш учун "Ғалаба куни" дан фойдаланса, бу катта киноя бўларди, бу эса ўз-ўзидан ҳарбий хизматга чақирилувчилар сонини кўпайтиришга имкон беришини айтди. Шундай қилиб, бу уларнинг ҳарбий ҳаракатлари муваффақиятсизликка учраганлигини, ҳарбий юришлари ва ҳарбий мақсадларида чалғиётганликларини бутун дунёга тан олиш билан баробар бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!