Коронавирус: Япония нега карантин эълон қилмади?

Коронавирус: Япония нега карантин эълон қилмади?

Японияда 1 апрелдан барча ўқувчилар одатий тартибда ўқишни давом эттиради. Ҳозирги кунда бутун дунёда гигиена қоидалари кучайтирилган тартибда тарғиб қилинмоқда. Давлат раҳбарлари ўз фуқароларига қўлларни тез-тез совунлаб ювишга, юзга қўл билан теккизмасликка, қўл бериб, қучоқлашиб кўришмасликка, уйларни тез-тез тозалаб туришга, тўғри овқатланишга чақирмоқда. Бу ҳақда "Дарё" нашри ёзмоқда.

Японияда эса ҳаммаси бошқача, деб ёзади ушбу мамлакатда яшовчи биолог Владимир Белоусов. У коронавирусга қарши курашишда бутун дунё Япониядан ўрганиши керак бўлган жиҳатларни санаб ўтади.

Гигиена. Японияга борганлар эътибор берган бўлса, японлардан ҳеч қандай ёқимсиз ҳид чиқмайди ёки енгил ифорли атирнинг ҳиди келади.

Бунинг сабаби шундаки, японияликлар тозаликка ўта эътиборли. Улар бир кунда уч марта (энг камида 2 марта) душ қабул қилади. Қўлини тез-тез ювади.

Японлар кийимини тез-тез алмаштиради. Ички кийимни кун давомида бир неча марта алмаштириш норма ҳисобланади.

Японияда одамлар бир-бирига қўл теккизмайди. Қўл бериб кўришиш, қучоқлашиш ёки шунчаки тегиниш — фақатгина энг яқин қариндошлар ўртасидагина кузатилиши мумкин. Японлар ҳар доим таъзим қилиб сўрашади.

Японияда одамлар ўзаро масофа сақлайди. Дўконда, банкомат олдида ёки жамоат транспортига навбат бўладими, ҳеч ким бир-бирига тиқилиб олмайди. Шароит тақозо қилса, улар ўзаро бир метрдан узоқроқ масофа сақлайди.

Санитар ишлов бериш. Японияда нафақат мавсумий эпидемия пайтида, балки йил давомида барча жамоат жойлари, жамоат транспортининг барча турларида дезинфекция қилиш ишлари олиб борилади.

Уларнинг айримлари сутка давомида автоматик равишда амалга оширилади. Масалан, жамоат жойларидаги эскалаторнинг қўл билан ушланадиган қисми сутка давомида махсус аппарат ёрдамида антисептик гел билан дезинфекция қилинади.

Ҳожатхоналар. Бутун мамлакат бўйлаб ҳожатхоналар бепул, топ-тоза ва жуда яхши қурилиб, жиҳозланган. Ҳожатхонада қўлингизни совунлаб ювиб, ўзингизни тартибга келтиришингиз мумкин. Аксарият ҳожатхоналарда ички кийимни ёки пайпоқни алмаштириш ёки кийим кийиш учун ҳам шароит яратилган.

Дўконлар. Деярли барча озиқ-овқат дўконларида қўл ювиш учун махсус раковина ва совун қўйилган.

Дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари қадоқланган ва герметик идишларга солинган. Ҳатто картошка ҳам полиэтилен пакетларга солиб қўйилган. Қадоқланмаган сабзавотлар жуда кам учрайдиган ҳолат.

Ниқоб. Агар япониялик шамолласа, у бошқаларга касалликни юқтирмаслик учун шу заҳотиёқ ниқоб тақиб олади. Ҳар доим шундай бўлган, бу —улар учун қоида.

Японияликлар ўз ватанидан ташқарига чиқишни ёқтирмайди. Ташқи дунё улар учун агрессив, ғалати ва хавфли бўлиб кўринади.

Озиқ-овқат. Японияда озиқ-овқат маҳсулотлар сифатли, уларнинг яроқлилик муддати жуда қисқа. Мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатига дунёдаги энг қатъий талаб ўрнатилган. Сабаби японияликлар аксарият маҳсулотларни (тухум, денгиз маҳсулотлари, сабзавот, мева ва бошқалар) пиширмасдан истеъмол қилади.

Япониядаги маҳсулотлар шу қадар сархил ва табиийки, уларни хомлигича қўрқмасдан ейиш мумкин. Японлар худди шундай қилади. Мамлакатда аксарият маҳсулотларнинг қадоғига «хомлигича ейиш мумкин» деб ёзиб қўйилган. Масалан, бу ерда тухум ва айрим турдаги балиқларни пиширмасдан еса бўлади.

Спорт. Японлар ўта ҳаракатчан. Улар жуда кўп югуради, ҳаракатли ўйинларни ўйнайди, спорт билан шуғулланади. Айнан шу хусусият уларга кекса ёшгача бардамликни, тетикликни сақлаб қолишга ёрдам беради.

Меъёр. Японлар овқатни меъёрида истеъмол қилади. Кексалар орасида ҳам тўладан келган японияликни деярли кўрмайсиз.

Умуман олганда, ҳозир бутун дунёда карантин вақтинчалик фавқулодда ҳолат деб аталиб, кучли назорат остида бажарилиши талаб қилинаётган чоралар Японияда замонавий маданиятли инсоннинг кундалик табиий гигиенаси ҳисобланади. Бу қоидалар японларга туғилганидан бошлаб сингдирилади, шунинг учун японлар уларга бутун ҳаёти давомида амал қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!