Коронавирус: Британия қироличасининг кўчмас мулклари қиймати қанчага пасайди?

Коронавирус: Британия қироличасининг кўчмас мулклари қиймати қанчага пасайди?

Буюк Британия қироличаси манфаатлари остида Лондон ғарби ва мамлакатнинг қишлоқ ҳудудларидаги кўчмас мулкларни бошқарувчи Британия тожи (Crown Estate) мулклари қиймати карантиндан сўнг 716 млн долларга пасайди.

Crown Estate ҳисоботига кўра, 2019/20 йилда Лондон карантинга ўтиб, дўконлар ёпилгач ва ижара пуллари тўланмагани боис қиролича портфели қиймати 1,2 фоизга тушган ва 17,4 млрд долларни ташкил этган.

Қайд этилишича, савдо соҳасидаги ноқулай вазиятга қарамасдан, Crown Estate ўтган йили оз бўлса-да даромадга эришган. Ташкилот ижрочи директори Дэн Лаббад даромад аввалги йилга нисбатан 0,4 фоизга ўсгани ва 447 млн долларни ташкил этганини маълум қилди.  

2010 йилдан буён расман «Суверен мулки» деб аталувчи Тож мулки Лондоннинг Вест-Энд районидаги объектлар, Виндзордаги мулклар ва Аскот ипподромини бошқаради. Crown Estate 1961 йилдан буён мустақил тижорат ташкилоти ҳисобланиб, даромадини молия вазирлигига топширади. Ҳисоб-китобларга кўра, ташкилот охирги ўн йилда Британия ғазнаси учун 3,7 млрд доллар ишлаб берган. Бу маблағлар қиролича шахсий мулкининг қисми ҳисобланмайди. 

Crown Estate шунингдек, барча ходимларига йиллик мукофотлар тўланишини кечиктирганини маълум қилган. Бошқарув аъзолари ва раҳбарлари ойлик маошларининг вақтинчалик 20 фоизга қисқартирилишига рози бўлган.

Forbes ҳисоб-китобига кўра, 2019 йил май ойида қироличанинг шахсий бойлиги миқдори 500 млн долларни, Британия монархига тегишли мулкларнинг умумий қиймати 25 млрд долларни ташкил этган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!