Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарши фитна (ВИДЕО)

Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарши фитна (ВИДЕО)

Яқинда ўқиб қолгандим Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Ким одамларга шукр қилмаса Аллоҳга ҳам шукр қилмайди , деган эканлар. Бу сўзлар замирида чуқур маъно, керак бўлса, инсониятнинг асрлар давомида нафс ва унинг жилови ўртасидаги кураши мужассам.

Одамзот на иссиққа, на совуққа кўнади. Доим нимадандир нолиймиз, у керак, бу керак... Рўзғорнинг ками тўлганми, тўкис ҳаёт бўлганми? Мусулмонмиз деймиз, имон келтирамиз, эътиқод қиламиз, тақдиримизда учраган кам-кўстни, яхши-ёмонни Ўзидан эмас, ўзгалардан ахтаришга, фалончи шу ишни қилмаганда, бундай бўлмасди дейишга ўрганиб қолганмиз. Ҳар қайси берилган қадарнинг муаллифи Ўзи эканини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан фуқароларнинг учрашуви акс этган видеони кўриб, юқоридаги гапларни хаёлдан кечирдим.

Ушбу видеода юзи кўринмаган аёл ҳоким Ортиқхўжаевга кўп қаватли уйнинг 7-қаватидан уй берилганини, ўзи эса пастроқ қаватлардан квартира олишни истаганини айтади.

Аёл ҳоким билан ўзаро суҳбатини яширинча қўл телефони орқали видеога олган. Бу тавсирларни сиз ҳам кўрган бўлишингиз керак.

Учта фарзандим бор, 4 ёш, 3 ёш, 1,5 ёш. 25% тўлов билан 7-қаватдан беришди. 3 та болам бор. Пастроқ қаватдан беринглар десам, ногирони борга бераман , деб таниш-билишга беришганини кўрдим. Агар шунақа юраверсанг, бирор ерга арз қилсанг, уйингни олиб қўяман деди , дея иддао қилади аёл.

Ҳоким эса Болалар ўзингизникими? , Худога яқин бўлиб, дуо қилиб ётинг , деб жавоб қайтаради.

Айни дамда мазкур воқеа ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

QALAMPIR.UZ бу воқеага оид маълумотларни тўплашга уринди.

Аниқлашимизча, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йилнинг 26 декабрь куни, Халқ депутатлари Олмазор тумани кенгашининг сессиясидан чиқиб келаётган маҳал 21 яшар Муҳаббат Мирзаева ҳоким тарафга яқинлашиб, шикоятини айта бошлаган. Бўлган воқеалардан бехабар ҳоким, унга хўш, нима қилишимиз керак? деб ундан аниқ мақсадини сўраган.

Аёл ОАВга шикоятида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг муомаласидан қониқмаганини айтади. Хўш, Ортиқхўжаев дап-дурустдан қаршисидан чиққан аёл билан қандай муносабатда бўлиши керак эди?

Келинг бир таҳлил қилиб кўрайлик.

Агар ҳокимнинг болалар ўзингизникими? деган саволи аёлга ёқмаган бўлса, бунга етарли сабаблар бор, албатта. Аёл 21, боринг ана 22 ёшда эканини, унинг учта фарзанди борлиги, тўнғичи 4, ўртанчаси 3, кенжаси 1,5 ёшдалигини эшитган киши унинг ёшини инобатга олган ҳолда бу савол билан юзланиши табиий.

Ҳокимнинг аёлга қарата Худога яқин бўлиб, дуо қилиб ётмайсизми , деган гапига келсак, Ортиқхўжаев бу билан на муаммони ҳал этишдан қочган ва на аёлни таҳқирлаган. Ҳокимдан чиққан бу гапни аслида кундалик ҳаётимизда кўп эшитганмиз. Кўп қаватли иморатлар қурган ёки баланд қаватлардан уй олганлар орасида Худога яқин бўлай дедим , деган ҳазил ибора баъзан қулоғимизга чалинган. Ортиқхўжаевга келсак, у бюрократик ташкилотлардан чиққан эмас, халқ билан оддий, чапани гаплашадиганлардан. Тўғри, керак бўлса расмий оҳанг ва расмий суҳбатларни дўндиради, аммо халққа халқчил раҳбар керакми ё баландпарвоз гаплар билан кўнглини пуч ёнғоққа тўлдириб кетадиган нотиқ?

Энди масаланинг асл моҳиятига эътибор қаратсак.

Манбаларимиз 21 яшарлигини айтаётган Муҳаббат Мирзаева Тошкентнинг Олмазор туманида қурилган янги кўп қаватли уйларнинг биридан Ipoteka АТБ кредити орқали 15 йиллик тўлов-кредити эвазига квартира харид қилган. Бошланғич тўлов сифатида квартиранинг 25% пули тўланган. Мирзаева бу хонадонга кўчиб ўтишдан аввал квартираси 7-қаватда жойлашганини билган, бунга ўзи розилик берган. Орадан вақт ўтиб, 7-қаватда яшаш унга ёқмай қолганми, билмадик 1-қаватдан квартира берасизлар деган талаб билан чиққан. Хўш, агар у 7-қаватда яшашга рози бўлмаса, нега уйга кўчиб киради?

У масъуллар паст қаватлардаги квартиралар ногирони бор оилаларга берилишини айтганини эслатади ва аслида ногирони борларга эмас, таниш-билишларга берилганини иддао қилади.

Ушбу кўп қаватли уйларнинг пастки қаватидаги квартираларнинг ҳаммаси ногиронлиги бор одамларга берилганми ё йўқ, буниси бизга қоронғу, аммо шуниси аниқки, кўп қаватли уйга замонавий лифтлар ҳам ўрнатилган. Чиқиб-тушиш имконияти чекланмаган. Қолаверса, паст қаватдаги уйлар кексайиб қолганларга ёки оиласида кексалар борларга берилган бўлиши ҳам мумкин.

Бу билан биз ҳокимликнинг тарафини олиб, кимнидир оқлаш, мурожаатчини қоралаш фикридан йироқмиз. Аксинча, бугунги ўзгаришларга, ислоҳотларга монанд равишда одамларнинг ҳам ҳокимиятга, раҳбарларга муносабати ўзгарсин, ҳуқуқий маданияти ошсин демоқчимиз, холос. Боиси ҳар қайси жамият, ҳар қайси давлатни ислоҳ қилиш, аввало ҳар бир одам ўзини ислоҳ қилишдан бошланади. Шикоят устига шикоят, арз устига арз, иддао устига иддао, ношукрлик устига ношукрлик... Бундай одамлар билан кимнинг ишлагиси келади? Хўш, Сиз бир кун бўлса ҳам ҳоким лавозимига ўтирган бўлармидингиз?

Дарвоқе, Тошкент шаҳар ҳокимиятидан аниқлашимизча, аллақачон Мирзаеванинг масаласини ҳал этиш бўйича иш бошлаган, бу эса бироз вақт талаб этади. Ўша куни ҳоким Ортихўжаев аёлнинг муаммосини ҳал этиш юзасидан топшириқ берган. Бироқ масъулларнинг масъулиятсизлиги, айтилган гап блокнотда қолиб кетгани учун иш пайсалган солинган.

Бошқаларни билмадик, аммо Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эндигина иш бошлаган даврларда QALAMPIR.UZ кўтариб чиққан муаммо ортидан тушиб, 5 йилдан буён Чилонзордаги нураб ётган ётоқхонада яшаб келаётган 80 нафар етим болаларнинг ҳар бирига алоҳида уй-жой берди. Ваъдасининг устидан чиқди. Ҳолбуки, 5 йилдан бери ҳеч ким улардан ҳол сўрамаганди. Ўйлайсизки, ҳамма рози... 5 йил деганда уйлик бўлганлар ҳали кўча эшигидан, ҳали мебелининг рангидан, ҳали девори яхши бўялмаганидан арз қилади. Шукрона келтирмайди.

Қанча-қанча одамлар уйсиз юрганда аёлнинг 7-қаватдан уй олганидан нолиши тўғримиди? Кичик масалани катта муаммога айлантириш, хаспўшлаш, кимнидир ёмонотлиққа чиқаришдан кимлар манфаатдор, бу кимнинг буюртмаси? Бир нарса эътиборни тортди. Мақсади аниқ ва муаммонинг ечимини кўзлаган одам, ҳокимни кўрмасидан камерасини ёқиб оладими? Қолаверса, у нега ўзбекистондаги юзлаб ОАВлар туриб хориждагиларнинг эшигинини қоқади. Кичик бир масалани катта муаммога айлантириб чиқиш ортида ҳокимни обрўсизлантириш ва Ўзбекистонда фуқаро мурожаатларига нисбатан мана шундай муносабатда бўлинади деган тушунчани шакллантириш ётмаяптими?

Сўз охирида айтай: ҳар ҳолда бу мақола буюртма эмас. Виждонга буйруқ берилмайди!


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!