Исроил президенти ўтирган самолёт Туркия ҳаво ҳудудига киритилмади
Озарбайжон пойтахти Бокуда бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим бўйича 29-конференциясида қатнашиши лозим бўлган Исроил президенти Исаак Герцогнинг ташрифи нега қолдирилгани маълум бўлди.
Аввалига Исроил нашрлари мамлакат президентининг Бакуга ташрифи «хавфсизлик юзасидан» қолдирилганини ёзди. Шанба куни кечқурун эса Исаак Герцогнинг COP29 йиғилишига боролмаганига сабаб, расман «хавфсизлик юзасидан» эканлиги айтилди.
Бироқ, Yedioth Ahronot газетаси Озарбайжон ТИВдаги манбаларига таяниб, ташриф бекор бўлишига асосий сабаб Исроил президентига тегишли «Сион қаноти» самолётининг Туркия ҳаво ҳудудига киритилмагани ҳақида хабар қилди.
Озарбайжонда ҳукуматга яқинлиги билан машҳур бўлган Caliber News хабарини ўрганган Исроилнинг Yedioth Ahronot газетаси, Озарбайжон расмийларининг хабарни ўзларига тасдиқлаганини маълум қилган.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигининг юқори мартабали ходими Caliber News'га берган интервьюсида Герцог ташрифининг бекор қилиниши хавфсизлик билан боғлиқ бўлмагани, аксинча, бу расмий Анқаранинг Герцог ўтирган самолётга ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишига рухсат бермагани билан боғлиқлигини айтди.
«Афсуски, дипломатик каналлар орқали бир неча кун давом этган қизғин музокаралар натижа бермади. Озарбайжон иқлим бўйича конференцияда барча томонларнинг иштирок этиши учун қулай шарт-шароит яратди, бироқ Исроил президентининг ташрифи билан боғлиқ вазият бизнинг мамлакатимизга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юзага келди», – деган нашр манбаси.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин Туркия президенти яҳудий давлати билан барча алоқаларни узгани ва уларни тиклашга уринмаслигини айтганди.