FIFA раҳбарияти ташаббус юзасидан хатолар учун узр сўради

FIFA раҳбарияти ташаббус юзасидан хатолар учун узр сўради

FIFA президенти Жанни Инфантино халқаро футбол мусобақаларини қисман хусусий инвесторларга бериш режаси атрофидаги баҳсларга қарамай, ўз лавозимини сақлаб қолди. Бу қарор 5 август куни Марокаш пойтахти Работ шаҳрида бўлиб ўтган FIFA бошқарувининг фавқулодда йиғилишида қабул қилинди.

Йиғилиш якунлари бўйича тарқатилган баёнотда FIFA бош котиби Маттиас Графстрём ҳамда бошқарув аъзолари Инфантинога тўлиқ қўллаб-қувватлаш билдиргани қайд этилди. Шунингдек, ташкилот ўтган воқеадан тегишли хулоса чиқариши ва ички жараёнларни янада такомиллаштириши таъкидланди.

FIFA барча миллий ва минтақавий футбол уюшмаларига юборилган расмий мактубда баҳсли режа билан боғлиқ хатолар учун узр сўраб, келажакда бундай ҳолатларга йўл қўймасликка ваъда берган.

Ушбу зиддиятли вазият Жанни Инфантинонинг Жаҳон чемпионати ва бошқа халқаро мусобақаларнинг тижорат ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш режасини илгари сурганидан кейин бошланган. Оммавий ахборот воситаларида ушбу инвесторлар орасида АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнернинг қариндошлари ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Инфантино эса бу ташаббус миллий футбол уюшмалари даромадини тўрт бараварга оширишини таъкидлаганди.

Аммо UEFA мазкур режани кескин танқид қилди. UEFA'га аъзо бўлган 55 та миллий футбол ассоциацияси Инфантино режасини амалга оширган тақдирда FIFA мусобақаларини бойкот қилишга тайёрлигини маълум қилди. Кейинчалик Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси футбол конфедерацияси (CONCACAF) ҳам UEFA'нинг танқидларини қўллаб-қувватлади.

Шундан сўнг Жанни Инфантино FIFA халқаро турнирларни қисман хусусийлаштириш режасидан воз кечишини эълон қилди.