Европадаги ёнғинлардан етган зарар 2026 йилда 3 миллиард евродан ошди
Европа Иттифоқида ўрмон ёнғинлари ва ўта юқори ҳароратдан энг кўп зарар кўрган беш мамлакат — Франция, Испания, Португалия, Греция ва Руминияда табиий офатлар оқибатида етган зарар аллақачон камида 3,1 миллиард еврога етди. Бу ҳақда Financial Times нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ўрмон ёнғинлари мавсумининг дастлабки икки ойида ушбу беш мамлакатда қарийб ярим миллион гектар ҳудуд ёнғиндан зарар кўрган.
Financial Times ҳисоб-китобларида Европа комиссияси қўллайдиган методологияга таянган. Унда асосан ёнғиндан зарар кўрган ҳудудларни аввалги ҳолатига келтириш харажатлари ҳисобга олинган.
Бироқ нашр таъкидлашича, умумий иқтисодий зарар анча юқори бўлади. Чунки суғурта компаниялари, хонадонлар ва корхоналар ҳали мол-мулкка етган зарар, ҳосилнинг нобуд бўлиши ҳамда туризм соҳасидаги йўқотишларни ҳисоблашда давом этмоқда.
Бундан ташқари, Financial Times ҳисоб-китобларида Грециядаги сўнгги ёнғинлардан келган зарар тўлиқ акс эттирилмаган ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари бўйича маълумотлар ҳам киритилмаган.
Нашр шунингдек, Европадаги қурғоқчилик оқибатлари ҳам иқтисодиётга жиддий таъсир кўрсатаётганини қайд этган. Хусусан, Рейн ва Дунай дарёларида сув сатҳининг пасайиши юк ташиш жараёнига халал бериб, ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқаришига олиб келмоқда.
