Экологик ҳуқуқларнинг кафолатланиши яшаш ҳуқуқининг таъминланишидир
Тарихан кишилик жамияти ривожланиб бораркан, муваффақиятлар қўлга киритилишида адолат тушунчаси алоҳида аҳамият касб этади. Адолат устувор бўлган жамиятда эса барча соҳалар равнақ топади.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизда адолат принципларини таъминлаш, кишилар ўртасида ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, халқимизнинг хоҳиш-иродасини ифода этувчи, тенг ҳуқуқлилик ва бағрикенглик тамойилларига риоя этилишини кафолатловчи бош қомусимиздир. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, инсоннинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиши, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш, экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бугунги куннинг ғоят муҳим масалаларидан бири саналади.
Табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётгани сабабли экологик масалалар Асосий қонунимиздан ўрин олган.
Жумладан, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида, 49, 62, 66, 68, 115-моддаларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган бўлиб, 49-моддасига мувофиқ, ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги билан бирга, Конституциянинг 62 ва 68-моддаларда фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти ҳамда ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида эканлиги белгилаб қўйилган.
Янгиланган Конституциямизнинг 49-моддасида Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўриши мустаҳкамланди. Аҳамиятлиси, янги таҳрирдаги Конституцияда ушбу норманинг киритилгани минтақа аҳолиси учун муносиб яшаш шароитларини яратиш ва уларнинг турмуш даражасини сифат жиҳатдан яхшилашга хизмат қилиши тайин.
Шунингдек, мазкур норма мамлакат аҳолиси ва келажак авлод учун қулай ва экологик тоза ҳудудни сақлаб қолиш, Оролбўйи минтақасида яшовчи аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, ишсизлик даражасини камайтириш, аҳоли яшаши ва меҳнат қилиши учун қулай атроф-муҳитни таъминлашнинг конституциявий кафолатларини яратади.
Эътиборлиси, янги таҳрирдаги қомусимизнинг 49-моддасига асосан мамлакат аҳолисининг қулай атроф-муҳитда яшашга қонунан ҳақли эканлиги, давлатнинг экологик ҳуқуқларни таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши, барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши ҳамда Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўриши қатъий белгиланди.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон – 2030” Стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастурида эркин фуқаролик жамиятини ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш бўйича белгиланган мақсадларда, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида яқин мулоқотни йўлга қўйиш, экология соҳасида сақланиб қолаётган муаммоларни биргаликда ҳал қилиш механизмларини кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Сир эмаски, бугун дунё миқёсида экологик мувозанатнинг бузилиши – атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, йирик ўрмонзорларнинг йўқолиб бораётганлиги, катта шаҳарларда қурилишлар жараёнида дарахтларни шафқатсизларча кесиш, сув манбаларидан исрофгарчилик билан фойдаланиш ва ифлослантириш, ер ресурсларидан нооқилона фойдаланиш ҳамда Қизил китобга киритилган ноёб ҳайвонлар, қушларни қонунга зид равишда овлаш ва ўсимликларни йўқолиши, афсуски, аксарият ҳолларда инсон омили таъсирида юз бермоқда. Бу каби долзарб экологик муаммолар ҳисобга олинса, табиатни муҳофаза қилиш, унга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳар бир фуқаронинг виждоний бурчи эканлиги ойдинлашади.
Шу билан бирга, Конституцияга киритилган 66-моддада мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши, тасарруф этиши, мол-мулкидан фойдаланишда атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузмаслиги кераклиги белгиланганлиги фуқароларнинг табиатга нисбатан муносабатини ижобий жиҳатдан ўзгаришига замин яратиши билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, маҳаллий ижро этувчи органларнинг ҳудудлар табиий шароитидан келиб чиқиб, туман ва шаҳарларни экологик жиҳатдан ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишига оид норма киритилгани табиий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ижросида муҳим кафолат бўлди.
Дарҳақиқат, янги таҳрирдаги Конституциямизда экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича илгари сурилган ҳуқуқий кафолатлар бу борадаги ислоҳотларни изчил амалга оширишда муҳим дастурул амал бўлмоқда. Айнан янги таҳрирда қабул қилинган Конституциянинг узвий давоми сифатида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш соҳаларига оид бир қатор Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларининг қабул қилингани ушбу фикрларнинг ёрқин далилидир.
Жумладан, жорий йилнинг 18 ва 24 ноябрь кунлари экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва туризм соҳаларида белгиланган вазифаларни тезкор ҳамда янги ёндашув асосида сифатли ташкил этиш, мазкур йўналишдаги давлат бошқарувини ва назорат тизимини такомиллаштириш, шунингдек, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони ва 1 та қарори қабул қилинди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрь куни қабул қилинган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришларини олдини олиш борасида амалга ошириладиган ишларни янгича ёндошувлар асосида ташкил этиш имкониятларини янада кенгайтириши билан аҳамиятли бўлди.
Фармонга кўра, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги негизида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилиб, унга қулай экологик ҳолатни барқарор сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, ўрмонларни кўпайтириш, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва чўлланишга қарши курашиш соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи қилиб белгиланди.
Қўмитага асосий вазифаларидан ташқари, “Чиқиндилардан ҳоли ҳудуд”, “Тоза ҳаво, “Яшил макон”, “Эко-маданият ва “Биомерос” умуммиллий лойиҳаларини амалга ошириш учун масъул этиб белгиланди.
Ушбу ҳужжатлар билан мамлакатимизда иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, экологик муаммоларга барҳам бериш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтириш каби долзарб масалаларда ислоҳотларни амалга оширилиши қамраб олинди ва белгиланган устувор вазифалар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида белгиланган вазифаларни тезкор ҳамда янги ёндашув асосида сифатли ташкил этиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги давлат бошқаруви ва назорат тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Маълумки, табиатни асраб-авайлаш, уни муҳофаза қилиш кишидан ҳар томонлама билимга эга бўлишни талаб этади. Шу ўринда мамлакатимизда ҳам ҳар томонлама билимли экологлар мутахассисларга бўлган талаб нечоғли муҳим эканлигини билиш мумкин.
Ушбу жиҳатлар инобатга олиниб, “Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорнинг қабул қилингани юртимизда экологик, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий муаммоларини ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали мутахассислар, олимлар, тадқиқотчилар, раҳбарлар ва тадбиркорларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш имкониятини яратмоқда.
Қарорда белгилангани каби келгусида ушбу университетда Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг муҳим экологик, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий муаммоларини ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали мутахассислар, олимлар, тадқиқотчилар, раҳбарлар ва тадбиркорларни тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва малакасини оширади, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни бошқариш ва барқарор ривожланиш соҳасида миллий, минтақавий ва халқаро инновацион тизимларни қўллаб-қувватлаш учун янги билимларни татбиқ этади, жаҳоннинг етакчи “яшил” университетлари томонидан қўлланиладиган илғор таълим дастурлари, инновацион педагогик услуб ва технологияларни ишлаб чиқиб, мослаштиради ва жорий этади.
“Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан 2026 йилнинг 1 мартига қадар Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш ва уни амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилиб, унга 7 та йўналишда муаммоларни бартараф қилиш, шунингдек экологик вазият мураккаблашган ҳоллдарда уни яхшилашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш бўйича таклифларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентига киритиш бўйича вазифалар юклатилди. Махсус комиссияга 11 та йўналишда чекловлар белгилаш, объектлар фаолиятини, қурилиш ишларини вақтинчалик ёки тўлиқ тўхтатиш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатлар берилди.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунларга амал қилинишини таъминлаш давлатнинг Конституцияда белгиланган асосий вазифаларидан бири бўлиб, Асосий Қомусимиз Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос, ишончли кафолат ҳамда барқарор иқтисодиёт ва ижтимоий кафолатларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Халқимизнинг мана шундай экологик ҳуқуқларини таминлаш, том маънода уларнинг яшаш ҳуқуқини таъминлаш деганидир. Буларни ўзида жамлаган Конституциямиз қабул қилинганлигининг 33 йиллиги барча юртдошларимизга муборак бўлсин!
Содиржон Жакбаров,
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси бош мутахассиси
