Дания ва Гренландия Трампнинг таҳдидларини қоралади — Reuters
Дания ва Гренландия бош вазирлари АҚШ президентининг Гренландияга даъволарини танқид қилди, шунингдек, улар АҚШ каби иттифоқчи томондан бундай гаплар айтилмаслиги кераклиги ҳақида баёнот берди.
"Гренландияни АҚШ томонидан эгаллаб олиш зарурати ҳақида гапириш мутлақо маъносиз. АҚШ Дания қироллиги таркибига кирувчи Дания, Гренландия, Фарер оролларининг ҳеч бирини аннексия қилиш ҳуқуқига эга эмас. Қўшма Штатларни тарихан яқин иттифоқчига, шунингдек, бошқа бир давлат ва бошқа бир халққа нисбатан таҳдидларни тўхтатишга чақираман. Вашингтон Гренландиядан аллақачон жавоб олган, орол сотилмайди", — дея баёнот берди Дания бош вазири Метте Фредериксен.
"АҚШ президенти “бизга Гренландия керак” деб айтганда ва бизни Венесуэла ҳамда ҳарбий интервенция билан боғлаганда, бу шунчаки нотўғри баёнот бўлмади. Бу бизга нисбатан ҳурматсизлик бўлди", — дея таъкидлади Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нилсен.
Доналд Трамп The Atlantic нашрига берган интервюсида АҚШ мудофаа нуқтайи назаридан Гренландия устидан назорат ўрнатиши лозимлигини айтганди.
"Бизга Гренландия ҳақиқатан ҳам керак. Гренландия Россия ва Хитой кемалари билан ўралган. Бу орол бизга мудофаа мақсадлари учун зарур", — деган АҚШ президенти.
Бундан ташқари, Трамп аппарати раҳбарининг ўринбосари Стивен Миллернинг рафиқаси Кети Миллер Х ижтимоий тармоғида пост жойлаган, унда Гренландия харитаси АҚШ байроғи рангларида кўрсатилган эди. Расм остида “Тез орада” деб ёзилган.
