Бувайдада ёнгани айтилган пахта хирмони бошқа фермерники бўлиб чиқди

Бувайдада ёнгани айтилган пахта хирмони бошқа фермерники бўлиб чиқди

БУВАЙДА (Turon24) – “Озодлик” радиоси Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги “Найман янги турмуш” фермер хўжалиги хирмонида 14 тонна пахта ёниб кетгани ҳақида хабар берган эди. Turon24 мазкур ҳодиса юзасидан суриштирув ўтказиб, ёнғин чиндан содир бўлганини, аммо ёнган хирмон бошқа фермерники эканини аниқлади.

“Интернетда шу хабарни ўқиб ҳайрон қолдим, – деди “Найман янги турмуш” фермер хўжалигининг иш бошқарувчиси Абдуғофур Аҳмедов, – Қанақасига пахтам ёниб кетади? Ахир бизнинг шийпонимиз эски бўлса, устига-устак пахта қуритиладиган хирмонимиз ҳам бўлмаса. Биринчидан, 10 сентябрь куни пахта термагандик. Теримни 18 сентябрдан бошлаганмиз. Иккинчидан, қанча пахта терсак ҳам, ҳаммасини ўша куниёқ пунктга топшириб келганмиз. Бу гап қаердан чиқди?! Ҳақиқатан ҳам бу йил 29 гектар ерга пахта экканмиз. Шартнома бўйича 78,5 тонна пахта топширишимиз керак эди, биз 88,1 тонна топшириб, режани ортиғи билан бажарганмиз”.

Turon24 билан суҳбатда Бувайда тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Мўйдин Йўлдошев ҳеч қандай пахта ёнмаганини таъкидлади. Туман ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи Бахтиёр Ҳасанов ҳам бу маълумот ёлғон эканлигини айтди.

Суриштирув давомида ёнғин “Найман янги турмуш” фермер хўжалигида эмас, балки унга қўшни бўлган “Баракали найман ҳосили” фермер хўжалигининг шийпонида рўй бергани аниқланди.

“Сизлар нотўғри эшитибсизлар, – деб айтган найманликлардан бири Turon24 мухбирига, – Арабжоннинг (“Найман янги турмуш” фермер хўжалиги раҳбари) пахтаси ёнмаган. Унга қўшни бўлган Зафаржон фермернинг пахтаси ёнган”.

Туман ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимларидан бири бу иш ҳақида яхшиси гапирмагани маъқуллигини, аммо пахта ёнганини, лекин қайси фермерники эканлигини айтолмаслигини айтган.

“Баракали найман ҳосили” фермер хўжалиги раҳбари Зафаржон Муҳаммадиевнинг хирмонида айни кунларда маккажўхори ёйиб қўйилган экан. Фермернинг ўзини топишнинг имкони бўлмади.

Зафар Муҳаммадиевнинг турмуш ўртоғи: “Бизнинг қишлоқда душманларимиз кўп, ўшаларнинг иши бўлса керак, ҳеч қандай пахтамиз ёнмади”, – деб жавоб берди. Аёл Turon24 мухбирининг “Душманларимиз деб кимларни айтаяпсиз, пахта ёнгани ҳақидаги маълумотни тарқатворганларними ёки пахтангизга ўт қўйганларни?” деган саволига жавоб бермаган.

Воқеа гувоҳлари, қишлоқнинг ёшу қариси пахта ёнганини айтиб турибди, аммо раҳбарлар бу маълумотни инкор қилмоқда.

Manba: turon24. uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!