Бош вазир ўринбосари Бухорода тезкор йиғилиш ўтказди

Бош вазир ўринбосари Бухорода тезкор йиғилиш ўтказди

Кеча, 18 сентябрь куни Когон тумани ҳудудидан ўтувчи Бухоро-Қоровулбозор магистрал йўлида автобуснинг газ баллони портлаб кетиши оқибатида 26 нафар йўловчининг 4 нафари воқеа жойида, 1 нафари эса касалхонада вафот этгани, қолган 21 киши турли даражада жароҳатлангани ҳақида хабар берган эдик. Turon24'нинг хабар беришича, ушбу ҳодиса юзасидан ўша куннинг ўзида Бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов раислигида тезкор йиғилиш бўлиб ўтган. 

Йиғилишда таъкидланишича, ҳодисадан жабрланганларга малакали тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатмоқда, ўта оғир ҳолатдаги беморлар Когон шаҳар касалхонасидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига ўтказилган. Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноевнинг маълумот беришича, Ўзбекистон президенти томонидан вафот этганлар оиласига моддий ёрдам пуллари етказилган, шунингдек, марҳумларнинг жаноза маросимлари учун кетадиган барча харажатлар қопланган.

Йиғилишда “Ztlich Oil Gaz” метан қуйиш шохобчаси томонидан техник талабларнинг қўпол равишда бузилиши оқибатида мазкур фожиа юзага келгани билдирилди. Бундан ташқари, Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Абдулла Қўлдошевнинг таъкидлашича, вилоятда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласи суст, ҳовузларда сув йўқ, бирламчи ўт ўчирувчи воситалари талабга жавоб бермайди.

Вилоят прокурори Баҳриддин Валиевнинг хабар беришича, президент топшириғи асосида фожиа сабабларини ўрганиш мақсадида тузилган ҳукумат комиссияси қарорига кўра, “Саноатгеоконтехназорат” Бухоро минтақавий инспекцияси, “Нефтгазсаноати”, Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бошқармаси, ИИБ вакилларидан иборат гуруҳ вилоятдаги 36 та метан ва 119 та пропан газ қуйиш шохобчалари фаолиятини ўрганиши бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Йиғилишда келгусида бу каби ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида барча ёқилғи қуйиш шохобчалари раҳбар ва ходимлари малакаси оширилиши, уларни қайта ўқитиш йўлга қўйилиши маълум қилинди.

Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ бошлиғи Холмат Саидалиев Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига мувофиқ Ўзбекистондаги барча метан ва пропан газ қуйиш шохобчалари, шунингдек, газ баллонли автотранспорт воситалари текширувдан ўтказилишини билдирди.

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!