Борис Жонсон 5 ноябрдан 2 декабргача Англияда локдаун киритилишини эълон қилди

Борис Жонсон 5 ноябрдан 2 декабргача Англияда локдаун киритилишини эълон қилди

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Англияда коронавирус тарқалишига қарши 5 ноябрдан 2 декабргача янги чекловлар амал қилишини эълон қилди.

Жонсоннинг таъкидлашича, у 2 ноябрда бу режани ҳукумат билан муҳокама қилади, 4 ноябрда у бўйича парламентда овоз бериш бўлиб ўтади, 5 ноябрдан эса мамлакатда ўзини яккалаш режими бошланади.

Режага кўра, 5 ноябрдан Англия аҳолиси уйда қолиши лозим. Уйни иш ва ўқиш, шифокор ҳузурига, дўконга бориш ёки яқинларига ёрдам бериш учунгина тарк этишга рухсат берилади. Бундан ташқари, очиқ ҳавода спорт билан шуғулланиш ва сайр қилиш мумкин бўлади. Мактаблар, коллеж ва университетлар фаолиятини давом эттираверади. 

Бар, паб ва ресторанлар ёпилади. Умумий овқатланиш шохобчалари фақат буюртманинг ўзи билан олиб кетилишига ишлайди. Озиқ-овқат дўконларидан ташқари бошқа дўконлар, сартарошхоналар, гўзаллик салонлари, спортзаллар, ҳордиқ чиқариш ва кўнгилочар масканлар ишини тўхтатади.

Хорижга иш юзасидан сафарлардан бошқа сафарларни амалга ошириш вақтинча тақиқланади.

Бош вазир ушбу чекловлар кичик ва ўрта бизнесга қаттиқ зарба беришини тан олган ва тадбиркорларга кўмак кўрсатилишига ваъда берган.

Жонсон, шунингдек, пандемия сабабли британияликлар Рождество байрамини одатдагидек нишонлай олмасликлари мумкинлигини айтган. 

Бу чекловлар фақат Англияга тааллуқли бўлади. Британиянинг қолган ҳудудлари коронавирусга қарши қандай чоралар киритилишини ўзи белгилайди.

Британияда сўнгги суткада янги касалланиш ҳолатлари 21 мингдан кўпроқни, ўлим ҳолатлари 326тани ташкил қилди. Мамлакатда пандемия бошидан бери касалланганлар сони бир миллиондан ошди, улардан 46,5 мингдан кўпроғи инфекциядан вафот этди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!