Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди

Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Андижон шаҳрининг қатор ҳудудларида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Президентимизнинг жорий йил 4 мартдаги “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Андижон вилоятининг туман, шаҳар ва маҳаллаларида “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари, ярмаркалар ва бошқа турли тадбирлар ўтказилмоқда.

Андижон шаҳрининг Марказий ҳамда Деҳқон бозорлари, шунингдек, 17 та маҳалла гузарида иш бошлаган арзонлаштирилган савдо ярмаркалари расталаридан “Андижон бозорлар уюшмаси”, “Андижонгўштсутсавдо”, “Андижонбалиқ” масъулияти чекланган жамиятлари, вилоятдаги агрофирмалар, паррандачилик корхоналари ва савдо ташкилотларининг маҳсулотлари, шунингдек, фермер хўжаликлари ҳамда деҳқонлар томонидан етиштирилган, ишлаб чиқарилган 50 яқин турдаги мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган.

Ҳамюртларимизнинг байрам дастурхонлари тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу савдо ярмаркалари шаҳар аҳолиси учун катта қулайлик яратмоқда. Қолаверса, савдога қўйилган маҳсулотлар нархи бозордагига нисбатан арзон. Бундан ташқари, намунали хизмат кўрсатилиши, пластик карталар орқали ҳам савдоларнинг йўлга қўйилганлиги кўпчиликка манзур бўлмоқда.

– Ярмаркадаги маҳсулотларнинг бозорга нисбатан 20-25 фоиз арзон нархда сотилаётганлигидан хурсандмиз, – дейди Андижон шаҳридаги Баркамол маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Ойгул Эшмуродова. – Бир килограмм мол гўштини 65 минг сўм, тухумнинг донасини 1000 сўм, товуқ гўштининг килосини 25 минг сўм, балиқ 16-30 минг сўм, гуруч турига қараб, 15-22 минг, шакар 13 минг сўмдан сотилаётганлиги андижонликларга байрам туҳфаси бўлмоқда.

Халқимиз учун меҳр-оқибат, эзгулик тимсолига айланган Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ташкил этилган мазкур савдо ярмаркалари аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, байрам арафасида нарх-наво кўтарилиб кетишининг олдини олишга, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Наврўз байрами олдидан бу каби арзонлаштирилган савдо ярмаркалари барча туман ва шаҳар марказларида ҳам ташкил этилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!