АҚШ Париж иқлим келишувидан расман чиқди
Қарор бугун, 27 январ куни – Доналд Трамп маъмурияти БМТни расман хабардор қилганидан бир йил ўтиб кучга кирди. Энди АҚШ ўзини глобал исишни чеклаш бўйича мажбуриятлар билан боғланган деб ҳисобламайди.
АҚШ расман Париж иқлим келишувидан чиқди. Бу қарор президент Доналд Трамп маъмуриятининг иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлардан воз кечган сиёсатини мустаҳкамлади. БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси котибияти маълум қилишича, чиқиш тўғрисидаги қарор бугун, 27 январ куни – АҚШ БМТга тегишли хабардорномани тақдим этганидан роппа-роса бир йил ўтгач, кучга кирди.
Трамп 2025 йил январ ойида янги инаугурацияси куниёқ келишувдан чиқиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Париж келишуви глобал исишни чеклаш ва иқлим ўзгаришининг энг вайронкор оқибатларини олдини олишга қаратилган.
Халқаро иқлим сиёсати учун оқибатлар
АҚШнинг келишувдан чиқиши бу давлат энди иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш бўйича мажбуриятлар билан ўзини боғлиқ деб ҳисобламаслигини англатади. Шунингдек, Америка делегацияси халқаро иқлим конференцияларида иштирок этишни тўхтатади. Бундан ташқари, АҚШнинг чиқиб кетиши иқлимга мослашув ва глобал исиш оқибатларидан ҳимоя қилиш соҳасида энг камбағал давлатларга кўрсатиладиган молиявий ёрдамнинг кескин қисқаришига олиб келади.
АҚШ дунёда иссиқхона газлари чиқиндиларининг Хитойдан кейин иккинчи йирик манбаи ҳисобланади. БМТ баҳолашича, ҳозирги глобал иқлим сиёсати сақланиб қолса, аср охирига келиб Ер шарида ўртача ҳарорат саноат давргача бўлган даражага нисбатан тахминан 2,8 даражага ошади. АҚШнинг келишувдан чиқиши бу кўрсаткични тахминан 0,1 даражага оширади.
АҚШнинг келишувдан иккинчи бор чиқиши
Бу АҚШнинг Трамп даврида Париж келишувидан иккинчи бор чиқишидир. Унинг биринчи президентлик муддати пайтида ҳам Қўшма Штатлар мазкур келишувни тарк этган, аммо Жо Байден маъмурияти даврида унга яна қўшилган эди.
Жорий йил бошида эса Трамп маъмурияти БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенциясидан ҳам чиқиш ва Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи фаолиятида иштирокни тўхтатиш нияти борлигини маълум қилди.
