АҚШ бош прокурори Россиянинг “қора рўйхати”га тушди

АҚШ бош прокурори Россиянинг “қора рўйхати”га тушди

Москва АҚШ маъмуриятининг саккиз нафар юқори мартабали мулозимига қарши санкция жорий этди. Бундан ташқари, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг маълум қилишича, америкалик ўн нафар дипломат Россиядан чиқариб юборилади. 

Бу чоралар АҚШнинг Россияга нисбатан санкцияларига жавобдир.
«Бизга ўн нафар дипломатнинг рўйхати берилиб, уларнинг кетиши сўралди. Биз бунга худди шундай жавоб қайтарамиз. Россиядаги ўн нафар АҚШ дипломатига юртимизни тарк этишни таклиф қиламиз», – деди Лавров.  

Шунингдек, Россия Американинг амалдаги ва собиқ юқори мартабали мулозимларига нисбатан санкция жорий этди. Улар орасида бош прокурор Мэррик Гарланд, Ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркас, Федерал қидирув бюроси директори Кристофер Рэй, президентнинг ички сиёсат бўйича маслаҳатчиси Сьюзан Райс, Миллий разведка идораси директори Эврил Хейнс ва Федерал турмалар бюроси раҳбари Майкл Карвахаль бор. Миллий хавфсизлик бўйича собиқ президент маслаҳатчиси Жон Болтон ва Марказий разведка бошқармасининг собиқ директори Роберт Вулсининг ҳам Россияга кириши тақиқланди. 

Американинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналарига Россия ва учинчи давлатлар фуқароларини ишга қабул қилиш амалиёти тўхтатилади. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!