"Аэрофлот" ва Nordwind Кубага парвозларни тўхтатмоқда
Бунга АҚШ президентининг фармонидан кейин юзага келган ёнилғи инқирози сабаб бўлмоқда
Росавиация матбуот хизмати хабар беришича, чекловлар оролда юзага келган ёнилғи тақчиллиги билан боғлиқ бўлиб, бу АҚШнинг Кубага нефт етказиб берувчи давлатларга нисбатан бож жорий этиши ортидан пайдо бўлган.
Идора маълумотига кўра, яқин кунларда "Россия" авиакомпанияси бир қатор рейсларни фақат тескари йўналишда, Гавана ва Варадеродан Москвага, амалга оширади. Бу Кубада бўлиб турган россиялик сайёҳларни олиб чиқиш учун зарур ҳисобланади. Шундан сўнг парвозлар вазият ўзгаргунга қадар вақтинча тўхтатилади.
Кубадаги ёнилғи билан таъминлаш муаммолари юзага келиши ҳақида мамлакат расмийлари халқаро авиакомпанияларни 9 февралдаёқ огоҳлантирган. Маълум қилинишича, камида 10 февралдан 11 мартгача самолётлар мамлакатнинг тўққизта аэропортида, жумладан Гаванадаги Хосе Марти номидаги халқаро аэропортда қўшимча ёнилғи қуя олишмайди.
Ёнилғи етишмовчилиги 29 январ куни Трамп имзолаган фармондан сўнг кескинлашди. Ҳужжатда фавқулодда ҳолат жорий этилиши ҳамда Кубага тўғридан-тўғри ёки билвосита нефт етказиб бераётган давлатларга нисбатан қўшимча савдо божлари қўллаш мумкинлиги қайд этилган.
