13 марта судланган рецедивист кампир яна жазога тортилди

13 марта судланган рецедивист кампир яна жазога тортилди

Малика Нишонова (мақоладаги исм – шарифлар ўзгартирилди) учун суднинг қора курсиси бегона эмас. У нақ 13 марта жиноят содир этиб, жавобгарликка тортилган. 1955 йил, 8 июнда Фарғона вилояти, Қўқон шаҳрида туғилган, маълумоти ўрта, оилали, 5 нафар фарзанднинг онаси. Афсуски, М. Нишонова яна суд курсисидан жой олди.

Навбатдаги фирибгарлик

Муқаддам кўп маротаба судланган М. Нишонова 2018 йил 16 майда такроран фирибгарлик жиноятига қўл урди. У жарқўрғонлик фуқаро – Баҳром Сафаровга Тошкентдан олиб келган товарлари учун Жарқўрғон тумани Давлат солиқ инспекцияси ходимлари 2 000 000 сўм жарима солишганини, аммо тўлов учун унда етарли маблағ йўқлигини айтади. Устасифаранг фирибгар Б. Сафаровнинг ишончига кириб, ундан 2 000 000 сўм ундиради. «Устама ҳақи билан қайтараман», дея ваъда берган аёл бозор нархи 120 000 сўмлик «Nоkia 1200» русумли уяли телефон аппаратини ҳам сўраб олиб, ярим соатда қайтаришга шартлашади. Шу билан М. Нишонова қорасини кўрсатмайди. У Б. Сафаровни 2 000 000 сўмга чув туширади.

Аввалдан режалаштирилган

Малика Нишонова судда ёлғон кўрсатма бериш қандай оқибатларга олиб келишини яхши билган. Шу боис, у галдаги айбловни умуман инкор қилмади ва қилган иши аввалдан режалаштирилгани ҳақида сўзлаб берди:

М. Нишонова:

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон, Шеробод ва Шўрчи тумани бозорларида озиқ – овқат маҳсулотларини сотаман. 2018 йил 16 май куни Тошкентдан жами 400 килограмм олма, помидор ва бодринг келтирдим. Товарни сотиб, уйдаги электр энергиясидан қарзни тўламоқчи эдим. Савдо бўладими-йўқми, деб хаёл қилиб, кимдандир пул олиб туришни режа қилдим. Рости, бу ишни алдов йўли билан бажармоқчи эдим.

М. Нишонова ундан бир неча маротаба олма сотиб олган «Адҳам» исмли танишига юзланади. «2 000 000 сўм қарзга бериб тур, тез фурсатда пулингни 4 миллион қилиб қайтараман» дея танишини ишонтирган аёл «Адҳам»нинг уйига йўл олади. Малика Нишонова ўтирган «Дамас» русумли такси автомашинасида Б. Сафаров ҳам бор эди.

М. Нишонова:

– Ўзини «Бахтиёр Сафаров» деб таништирган эркакка нима сабабдан Жарқўрғон туманига кетаётганимни айтиб бердим. Унга исмимни «Раъно» дедим. Қўқондан, Жарқўрғонга эркак ва аёллар кийим-кечаги, плеер, тюнер ва бошқа шу каби товарларни сотиш учун олиб келганимни, солиқ идораси ходимлари жаримага солгани учун бир танишимдан пул олиб туриш учун кетаётганимни гапириб бердим. Солиқ идорасига 2 000 000 тўласам, турмуш ўртоғим ва товарларни олиб чиқиб кетишим мумкинлигини айтдим. «Дамас»дагилар суҳбатимизни эшитишди. Б. Сафаров менга ёрдам беришини айтиб, устама ҳақ эвазига 2 миллион сўм бериб турадиган бўлди.

Б. Сафаров пулни олиб чиққач, М. Нишонова гаров тариқасида оддий сариқ металдан ясалган бўйин тақинчоғи, бир дона билакузук ва бир жуфт зиракни бериб, улар тилладан ишланганига ишонтиради. Сўнг таксига ўтириб, Шўрчи туманидаги бозорга боради. У ерда ўзига аёллар рўмолини сотиб олиб, пойтахтга йўл олади.

Малика Нишонова Б. Сафаровдан олган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Судда қилган ишидан қаттиқ пушаймонлигини айтиб, ундирилган зарарни тўлиқ қоплашга ваъда берган.

Б. Сафаров гаровда қолдирилган тақинчоқларни заргарлик дўконига олиб бориб текширтиради. Тақинчоқлар оддий металдан ишланганини билгач, чув тушганини билиб, ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.

Ҳукм ўқилди

Судланувчи Малика Нишонова ЖКнинг 168-моддаси, 3-қисми, «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 60-61-моддаларига асосан, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 5 апрелдаги ҳукми билан тайинланган жазолар мазкур ҳукм билан тайинланган жазога қисман қўшилиб, судланувчи Малика Нишоновага энг кам ойлик иш ҳақининг 160 баравари – 18 миллион 944 000 сўм жарима ва 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоситайинланди.

Судланувчи М. Нишоновадан даъвогар Б. Сафаров фойдасига 2 075 000 сўм ундирилиши белгиланди.

Manba: darakchi.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!