Рамазон: ифтордан саҳарликкача қанча сув ичиш керак? Тошкент шаҳар ҳокимлиги тавсия берди

Таҳлилларга кўра, инсоният танасининг қариши маъёридан ортиқ овқат истеъмол қилиш ва тўғри овқатланмаслик билан боғлиқ экан.
Рўза эса очликни сабр билан енгишга ўргатиши қатори саҳарлик ва ифторликда тўғри овқатланишга амал қилинса, рўзадорга яна кўплаб фойдаларни ҳадя этади.
Бунда тана учун энг муҳими сув меъёрини жойига келтиришдир. Рўзадор инсон кун давомида чанқоғини енггани боис танасида сувсизланиш кузатилади. Шу боис рўзадор инсон истеъмол қилаётган сув миқдорини назорат қилиши ва доимийлигини таъминлаши аҳамиятлидир.
Тиббиётчиларнинг хулосасига кўра, ифтордан саҳарликкача бўлган вақтда энг камида икки литр сувни бўлиб-бўлиб ичиш зарур. Масалан, ифторликка ярим литр сув ичилса, кейин ҳар соатда 0,3 литр сув исътемол қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Дарвоқе, ифторлик сувига бир қошиқ асал қўшилса, у нафақат озиқлантирувчи, балки шифобахш, антибактериал ичимликка айланади.
Рўза тутганда, айниқса, ифторлик маҳали хурмо исътемол қилиш анъанага айлангани бежиз эмас. Хурмо инсон танасидаги қувват – энергияни тиклаб берувчи витамин ва минералларга бой мевадир.
Рўзада таркибида кофеин моддаси бўлган ичимликлар, яъни чой, қаҳвадан тийилган маъқул. Улар ташна организмга фойда бермайди, аксинча, ундаги муҳим минерал – магний ва бошқа витаминларни чиқариб юборади, танадаги намликни қуритади. Агар инсон чой ва қаҳва ичишдан ўзингизни чеклай олмаса, унда истеъмол қилинадиган сув миқдорини ошириши зарур.
Ифторликда сув ва хурмо билан оғиз очгандан сўнг турли мевалардан тайёрланган салат ёки мева шарбати истеъмол қилинса айни муддао бўлади. Зеро, мевалар – сув, витамин, минералларга бой, табиий неъмат. Мева сабзавотга қараганда тезроқ парчаланади, овқат ҳазм қилиш каналларини очади ва танани витамин, минераллар билан бойитади.
Ва ниҳоят, энг асосий эслатма, кун давомида оч юриб, ифторда бирданига кўп овқат ейиш рўзанинг ҳикматига зид, қолаверса, ошқозонга оғирлик қилиб, оқибатда инсон соғлигига салбий таъсир қилишини унутмаслик муҳим.