Зироат Мирзиёева раислигидаги фонд янги лойиҳага қўл урди: Ҳаво сифати мониторинги ҳар соатда олиб борилади

Зироат Мирзиёева раислигидаги фонд янги лойиҳага қўл урди: Ҳаво сифати мониторинги ҳар соатда олиб борилади

БМТнинг Атроф-муҳит дастури (YUNEP), БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, БМТ Тараққиёт дастури, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва бошқалар иштирокида ҳаво сифати, унинг мониторинги ҳамда ҳолатига оид маълумотлар очиқ-ошкоралиги масаласида давра суҳбати ўтказилди.

«Замин» фонди хабарига кўра, тадбирда фонд Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева иштирок этиб, ушбу масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган.

Таъкидланишича, транспорт воситаларидан чиқаётган зарарли ис-газлар, саноат чиқиндилари ва экотизимнинг бузилиши йилдан йилга ҳавонинг ифлосланишига олиб келяпти. Оқибатда онкологик, нафас респиратор ва юрак-қон томир касалликларининг кўлами ортиб бормоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун, аввало, ҳавонинг сифат мониторингини ўтказиш, яъни турли моддалардан ифлосланиш даражасини ўлчаш зарур. Ушбу таҳлил натижалари бўлганидагина ҳавонинг ифлосланиши ва бунинг инсон саломатлигига салбий таъсирини камайтириш чораларини кўриш мумкин.

Зироат Мирзиёева раислигидаги фонд янги лойиҳага қўл урди: Ҳаво сифати мониторинги ҳар соатда олиб борилади

Қайд этилишича, «Замин» фонди ҳамда YUNEP кўмагида Гидрометеорология хизмати маркази томонидан «Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг мониторингини автоматлаштириш» лойиҳаси уч босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган.

«Бугунги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиб, 63 та кузатув пункти ягона таҳлилий марказга бирлаштирилди. Мониторинг натижалари monitoring.meteo.uz очиқ онлайн платформаси ва AirUz мобил иловасида эълон қилиб борилади.

Иккинчи босқичда бутун республика бўйлаб автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш ва ҳаво мониторинги учун халқаро стандартларни жорий этиш кўзда тутилган.

Учинчи босқичда мониторинг натижалари республикадаги Ягона геоинформацион маълумотлар базасига киритилиб, халқаро ахборот тизимларига интеграцияланади.

Грант маблағлари асосида ўрнатиладиган ушбу станциялар тўлиқ ишга тушиши натижасида, ҳаво сифати мониторинги халқаро стандартларга мувофиқ ҳар соатда олиб борилади. Фуқаролар ўзи истиқомат қиладиган жойининг ҳавоси ифлосланганлик даражасини ва унинг сабабларини аниқ билиш имконига эга бўлади», – дейилади «Замин» фонди ахборотида.

Тадбирда БМТ Атроф-муҳит дастурининг Европа минтақавий бюроси директори Бруно Поцци ҳам сўз олган.

«Ҳавонинг ифлосланиши чегара билмайди. Бу барчамизга таъсир қилади ва биз ушбу муаммони ҳал қилиш учун кучларни – ҳукуматлар, нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, бизнес ва саноат соҳасини бирлаштиришимиз керак. Ҳар бир инсон тоза ҳаводан нафас олишга ҳақлидир. Ҳозир, глобал соғлиқни сақлаш инқирозига дуч келган пайтимизда, бу айниқса муҳим», – деган Бруно Поцци.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!