Зеленский: "Украина карантинни бекор қилишга тайёргарлик кўрмоқда" 

Зеленский: "Украина карантинни бекор қилишга тайёргарлик кўрмоқда" 

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакатда яқин вақт ичида COVID-19 сабаб эълон қилинган чеклов меъёрлари юмшатилишини билдирди. Бу ҳақда «Интерфакс-Украина» хабар берди.

«Бизнес карантин тартибидан чиқишга тайёргарлик кўриши, яъни маҳсулотлар сотиб олиши, уларни дезинфекция қилиши, шунингдек, одамларни мамлакатда янги иш ҳафтасига тайёргарлик кўришга чақириши лозим», — деган Зеленский 4 май, душанба куни, бўлиб ўтган йиғилишда.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, 11 майдан маиший воситалар сотиладиган улгуржи ва чакана савдо объектлари (савдо-кўнгилочар марказлари бундан мустасно), гўзаллик салонлари, автосалонлар, музейлар, кутубхоналар ва бошқа жамоат муассасалари очилади, уларда санитария қоидаларига қатъий риоя қилиш талаб этилади. Шунингдек, ёзги кафе майдончалари ва ресторанларнинг ишлашига ҳам рухсат берилади ҳамда кўнгилочар боғлар, хиёбонлар ва дам олиш масканларидаги чекловлар нисбатан юмшайди.

Украина бош вазири Денис Шмигаль эса карантиннинг 22 майгача узайтирилишини маълум қилган.

«Буёғига пандемиянинг бутун дунёдаги ҳолатига, касалликнинг тарқалишига ва мамлакатдаги касалланиш ҳолатларининг сонига қаралади», — деган Шмигаль.

«Украина иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун карантин чораларини юмшатиш керак, бироқ эпидемиологик вазият чигаллашса, иқтисодий ҳолат ҳам ёмонлашиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам глобал фавқулодда ҳолат муддатини узайтирган», — деди Украина ҳукумати раҳбари.

Украинада  24 мартда фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилиниб, мактаблар, дўконлар (аҳоли учун зарур, бирламчи маҳсулотлар сотиладиган дўконлардан ташқари) ёпилган, метро фаолияти тўхтатилган ва чегаралар ёпилган.

Маълумот учун, Украинада COVID-19’га чалинганларнинг умумий сони 12 331 нафарни ташкил қилмоқда, 303 киши инфекция оқибатида вафот этган, 1619 нафар бемор коронавирусдан тузалган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!