Зеленский Макрондан «далда олди», навбат Меркелга

Зеленский Макрондан «далда олди», навбат Меркелга

Украина Президенти Владимир Зеленский 17 июнь куни илк расмий ташриф билан Францияда бўлди.

Ташриф доирасида Зеленский Франция Президенти Эммануэл Макрон билан учрашди. Икки соат давом этган мулоқотда томонлар Донбасс, Кремль асирлари (Азов денгизида Россия томонидан қўлга олинган Украина денгизчилари), Украина-Франция икки томонлама муносабатлари юзасидан фикр алмашган.

Донбасс можароси ҳарбий йўл билан ҳал қилинмайди

Зеленский Макрон билан мулоқотда Донбасс можаросини ҳарбий йўл билан эмас, балки дипломатик усулларда ва санкциялар кўмагида бартараф этиш тарафдори эканини таъкидлаган. Украина Президентига кўра, санкциялар билан Россияга босим ўтказиб, муаммони ечиш даркор.

“Украина ўз ҳудудини қайтариб олмагунича санкциялар сақланиши лозим. Улар Украина суверенитетини ҳимоя қилади. Умид қиламанки, “Катта еттилик”нинг Франциядаги ваколатхонаси мазкур масалани кўриб чиқади”, деган Зеленский. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат “жангарилар” билан ҳам музокараларни бошлаган. Бу ерда оккупантлар назарда тутилмаяпти, Украина фақат Минск форматида улар билан алоқага чиқиши мумкин.

Ўз навбатида Макрон Франция Украинани урушга чек қўйиш, тинчлик, ҳудудий яхлитлик масалаларида қўллаб-қувватлашини билдирган.

Украина масаласида Германия Франция билан маслакдош

Зеленский бугун, 18 июнь куни Германия Федератив Республикасига ҳам ташриф буюрди. Мазкур ташриф доирасида Украина давлат раҳбарининг ГФР Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, канцлер Ангела Меркель билан музокаралар олиб бориши, шунингдек Германия ишбилармон доира вакиллари билан учрашувлар ўтказиши кутилмоқда.

ГФР ташқи ишлар вазири Хайко Мааснинг немис матбуотида бугун эълон қилинган интервьюсида Германия Украинага дахлдор масалаларда Франция билан маслакдош экани айтилади.

Шу билан бирга Маас Германия ва Франция Россиядан қўлга олинган украиналик аскарларни озод қилишни талаб қилишини ҳам маълум қилган. Унингча Россия айни тадбир билан ҳам Минск келишувига ўз ҳиссасини қўшган бўлади.

Германия ТИВ раҳбари Берлин Украинанинг янги раҳбаридан мамлакатда коррупцияга қарши кураш ва Донбассда тинчликни таъминлашда амалий ишларни кутаётганини ҳам билдирган.

Халқаро ОАВ материаллари асосида Малоҳат ҲУСАНОВА тайёрлади

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!