Зеленский бош вазир истеъфосини қабул қилмади ва унга яна мухлат берди

Зеленский бош вазир истеъфосини қабул қилмади ва унга яна мухлат берди

Украина Президенти Владимир Зеленский бош вазир Алексей Гончарук билан учрашувда можароли аудиоёзувлар билан боғлиқ юзага келган вазиятга муносабат билдирди ва Гончарукнинг истеъфосини қабул қилмади.

“Мен сиздан истеъфога чиқиш ҳақида ариза олдим. Охирги можароли вазият сабабли мен сизга ва ҳукуматингизга, агар сиз жамоатчиликни ташвишлантираётган баъзи нарсаларни ҳал қила олсангиз, яна имконият беришга қарор қилдим”, деб айтган Зеленский учрашувда.

Украина президенти бош вазирга қўяётган вазифалар орасида вазирликлар ва давлат компанияларида меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги концепциясини ишлаб чиқиш бор.

Зеленский ҳукумат аъзоларини нопрофессионал ва ноҳалол деб ҳисобламаслигини, бироқ Гончарук билан бирга “ҳукуматни кучайтирмоқчи эканликларини” айтган.

 “Мен сиз бу ҳукуматни қандай танлаганингиз, сиз ва улар билан гаплашганимиз эсимда. Шу сабабли сиздан ҳукуматдаги заиф жойларни топишни ва у ёки бу раҳбарни унинг малакаси ҳақидаги маълумотларга таяниб алмаштиришни сўрайман”, деб таъкидлаб ўтган Украина етакчиси.

Аввалроқ, YouTube’да Гончарукнинг ҳукумат аъзолари билан учрашувидан ёзиб олинганлиги таъкидланган аудиоёзув пайдо бўлган. Унда гўёки Гончарук Зеленскийни “жуда оддий фикрловчи, иқтисодий соҳада ҳеч нарсани тушунмайдиган ношуд” деб атаган.

Шу можаро сабабли Гончарук 17 январда истеъфога чиқишга ариза ёзган. У 3 дақиқали вдеомурожаат билан чиқиб, аудиоёзувнинг ҳақиқийлигини на тасдиқлаган ва на рад этган. Унинг таъкидлашича, аудиоёзув монтаж қилинган.

Зеленский ҳуқуқ-тартибот идораларига аудиоёзувни ким тайёрлагани ва интернетга жойлаганини аниқлаш учун икки ҳафта муҳлат берди.

Гончарук Украина ҳукуматига 2019 йил 29 августдан раҳбарлик қилади. Бунгача у президент офиси раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!