Зангиотада даволаниб чиққан блогернинг ҳикояси

Зангиотада даволаниб чиққан блогернинг ҳикояси

1 мартдан аксириш бошланди. Кечга бориб иситмам кўтарилди: 39,2 даража. Дарров дори ичдим. Эрталаб тиниқиб уйғондим. Демак, бироз шамоллаганман ва ўтиб кетади, деб ўйладим. Ўзи касал бўлиб ётишни ёмон кўраман. Тушликдан сўнг яна совқотиб, иситмам кўтарила бошлади. Қуруқ йўтал. Таъм билиш, ҳид билиш жойида, фақат нафас тиқилиб қолаётганга ўхшайди. Ўзимча, грипп бўлибман-де, тузалгач эндокринологга буқоқ учун ҳам текширтирмасам бўлмайди, шекилли...” деб ўйладим. Шу ҳолда кундузи уйда пешингача соппа-соғ юраман, юмушларимни бажараман, дард қурғур пешиндан кейин бошланади. Кечқурун деразани ланг очиб ётаман. 
 Аҳволим ўнгланмади. Мунтазам дори ичдим, уй шароитида муолажа олсам ҳам тузалмадим. Уйга маҳаллий шифокорни чақирсам, улар кўриб зудлик билан рентгенга тушишимни тавсия қилдилар. 11 март куни кеч соат 20:00 да рентгенга тушсам, ўпка шамоллаши диагнозини қўйишди ва коронавирус эҳтимоли борлиги, бунинг учун Зангиотада даволанишим шартлигини айтиб йўлланма беришди. 
 Уйга қайтгач, қарасам аҳволим тобора ёмонлашаяпти. Телеграм орқали Азизахон Ходжаева ва дугонам Евгения Буклаге билан маслаҳатлашдим. Азизахон опа – етук вирусолог врач, профессор. Евгения бўлса ўз дугонам, ҳозир Германияда Роберт Кох номидаги тиббиёт тадқиқот институтида илмий фаолият олиб бормоқда ҳамда Ўзбекистонда телемедицинани ривожлантириш бўйича ўзбек-немис халқаро лойиҳаси асосчиларидан бири. Ўтган йили касаллик айни авжига олган пайтда Ўзбекистонга келган. Бухоро, Самарқанд ва Тошкентдаги эпидемия ўчоқларида фаолият олиб борган. 
 Ҳар иккала маслаҳатгўйим ҳам Зангиотага ётишимни, у ерда малакали шифокорлар ишлаши ва шароити яхшилигини менга уқтиришди. Эрталаб тез тиббий ёрдам машинасида 1-сонли Зангиота клиникасига бордик. 
 Клиника қабулхонасида зудлик билан МСКТ, экспресс-тест текшируви ўтказилиши натижасида менда коронавирус инфекциясининг оғир кечиши ва пневмония аниқланди. Шифохонага  ётқизилдим. 
 Шифохонада 12 мартдан 30 мартгача ётган бўлсам, муолажа жараёнида у ерда беморлар учун яратилган шарт-шароитларнинг яхшилигига, шифокорларнинг жонкуярлигига тан бердим. Муолажани белгилаш учун ҳар икки кунда керакли анализлар олинади, вазиятга кўра МРТ ёки рентген текшируви амалга оширилади. Шифокор ва ҳамширалар тез-тез ўз малакасини оширишади, доимий равишда билим-кўникмалари бўйича тест топшириб туришаркан.
 Кунига уч маҳал худди уйимиздек шароитда тайёрланган сифатли ва қувватли таомлар: эрталабки нонуштада, албатта, сутли каша (ширгуруч, гречкали, сулили, манкали), сариёғ, касалхона шифохонасида пиширилган булочка, ёнида қайнатилган тухум, творог, бринза, колбаса кабилар бўлади. 
 Тушликда сабзавотлардан тайёрланган витаминли салат билан суюқ ва қуюқ- биринчи ва иккинчи таом. 
 Кечки пайт қуюқ ёки суюқ овқат. Таомланиш пайти қатъий: эрталаб 8:00 — 9:00 гача. Тушлик 12:00-13:00 гача. Кечки овқатланиш 17:00-18:00 гача. 
 Барча дори-дармон муолажалари бепул амалга оширилди. Уйдан бирор бир дори олиб келтирганим йўқ. Палата шифокоримиз Баҳодир Мамашарипов ҳар кун эрталаб меҳрибонлик билан “Хўш, опалар...” деб, соат 10:00 да умумий аҳволимизни сўраб палатага киради, қон босими, пулсимизни ўлчаб, зарур дори-дармонларни белгилаб чиқиб кетади. Баҳодирнинг айтишича, вирусдан бутунлай фориғ бўлгач, шифохонадан ташқарига чиқарилар эканмиз. У ўз укамиздек бўлиб қолди. 
 (Ҳатто касалхонадан чиққач ҳам ундан бемалол тиббий маслаҳатлар олиб турибмиз. Соғлиғимизга оид берган саволларимизга батафсил жавоб беради барака топкур).
 Ҳамширалар Дилноза, Динаралар кунига беш маҳал укол, уч маҳал томчи дори – капельница қилишди. Томир жонивор игнани кўрса қочадиган даражага келиб қолдики, ҳамширалар ҳатто ипакдек томиримизни ҳам игна учун бирпасда топишади, қўллари енгил. 
 Капельницани қўйиб бўлгач, уларни чақириш учун “ҳой...” деб чақириб ўтирмайсиз, каравотингиз тепасига ўрнатилган кнопкали радиоузель чақиргичи орқали тугмачани боссангиз ўзлари келишади. Ахир ҳамшира ва шифокорларга ҳам осон эмас. Бир шифокорга тўққизта палата, бир ҳамширага 27-30 та бемор бириктирилган. Ҳар саккиз соатда шифокор ва ҳамширалар смена алмашади. Шифокорлар комуфляжини кийганича уни смена давомида ечиши, овқатланиши умуман мумкин эмас экан. 
 Даставвал палатамиздаги телевизорга аҳамият бермадик. Уни қўйишни билмай медсанитарлар Абдурасул, Фахриддинлардан илтимос қилганимизда улар бир зумда айтганимизни оғринмай бажаришди. 
 Беморнинг тузалиши, аввало, ўзига боғлиқ бўлса, сўнг шифокорга, ундан кейин палатадошларига боғлиқ бўлади. Палатадошларим Элмира, Мукаррам холалар жуда ҳам самимий, дилкаш аёллар экан. Элмира тўрт фарзанднинг онаси- Юнусободдан. Мукаррам хола, кайвони, пири-бадавлат ая, ободонлаштириш бошқармасида ишлайдилар, яқинда пенсияга чиқиш арафасидалар. 20 кун мобайнида бир-биримизга дардкаш бўлиб ётдик. Ташқарига чиқишга рухсат бўлмагани учун деразамиз ойнаси доим очиқ. Ташқарига қарасангиз кўм-кўк майса ва арчаларни кўриб ўзингизни курорт стационарда ётгандек ҳис қиласиз. Бошида фойдаланган кислород баллончаларидан ҳам охирги ҳафталарда фойдаланмай қўйдик. Ёмғирдан кейинги озонга тўйинган ҳавода мириқиб ўпкамиз ҳам, миямиз ҳам нафас олди. Шундан бўлса керак, тезроқ тузалдик. 
 Афсуски, Элмира биз чиқишимидан тўрт кун олдин бошқа бўлимга ўтказилди. Сабаби, ундаги коронавирус инфекцияси аввал 14 ёшли қизига, сўнг 8 ёшли қизига ўтибди. Барча оила аъзолари тееширилгач эса 12 ёшли қизи, 2 ёшли ўғли ва турмуш ўртоғида ҳам вирус инфекцияси аниқланди. Улар оилавий бўлиб Зангиотада муолажа олишди. Элмира 2 ёшли ўғлига қараши учун илтимос қилиб болалар бўлинмасига ўтди. Ҳозир, шукрки, соғ-омонликда уйга тузалиб чиқишди. 
(Бу келтириб ўтганим, вируснинг юқувчанлиги билан ҳазиллашиб бўлмаслигига ёрқин мисол.) 
Касалхонада ётганимда Азизахон опанинг мунтазам хабар олиб турганлари, дугонам Азиза Умарованинг: “Нигора, ёрдам керак бўлса, айтинг”, деган далдаси, Евгениянинг Германиядан иш юзасидан Тошкннтга келганида дафъатан палатамга кириб келиб “сюрприз” қилгани, яқин инсонларимнинг мунтазам маънавий кўмаклари анча кайфиятимни кўтарди. Борлигига шукур!
Зангиота касалхонасида телефон, интернетдан бемалол фойдаланиш, ўзингиз учун зарур бўлган нарсалар (китоб, дафтар, мева-чева) ни уйдан олиб келтиришингиз мумкин.
 Ҳозир анча яхшиман. Айтмоқчи бўлганим, ўзингизни эҳтиёт қилинг, азизлар!
  
 Нигора Умарова, 
блогер


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!