Юртимиздаги қўшма тиббиёт факультетларида қанча талаба таҳсил олмоқда?

Юртимиздаги қўшма тиббиёт факультетларида қанча талаба таҳсил олмоқда?

ССВ Матбуот хизматининг ушбу саволига вазирликнинг Фан ва таълим бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмаилов жавоб берди:

— Олий таълим етук мутахассислар тайёрлашнинг энг муҳим бўғини ҳисобланади, — дейди Ў.Исмаилов. — Сабаби ушбу босқичда талаба нафақат билим олади, балки бевосита амалиётга киришади.

Албатта, бу жараёнда халқаро ҳамкорлик ва чет эл тажрибаси жуда муҳим. Шу боис, бугун юртимизда хорижнинг етакчи тиббиёт олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик қилиш, ўқув жараёнига илғор тажрибаларни жорий этиш, хусусан, қўшма таълим дастурлари орқали малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Жумладан, айни пайтда мамлакатимиздаги мавжуд тиббиёт олий таълим муассасаларининг баклавриат босқичида Россиянинг 15 та, Польша, Қозоғистон ва Украина олий таълим муассасалари билан 46 та қўшма таълим дастури асосида тиббиёт факультетлари ташкил этилиб, уларда жами 2 минг 266 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Қолаверса, магистратура босқичида Россия, Польша ва Беларусь олий таълим муассасалари билан 11 та қўшма таълим дастури асосида тиббиёт факультетлари очилиб, уларда бугунги кунда 65 нафар талаба соҳа сир-асрорларини ўзлаштиряпти.

Шунингдек, олий таълим муассасаларининг клиник ординатура босқичида Россия ва Беларусь институт ва университетлари билан 28 та қўшма таълим дастури асосида ташкил этилган тиббиёт факультетларида жами 84 нафар талаба билим олмоқда.

Яна бир муҳим янгилик. Жорий ўқув йилидан бошлаб юртимиздаги тиббиёт олий таълим муассасаларида “Трансплантология” ва “Кардиохирургия” мутахассисликлари бўйича клиник ординатура (резидентура)да кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Эътиборлиси, мазкур йўналишлар бўйича йилига 20 нафар транплантолог ва 24 нафар кардиохирург етишиб чиқади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!