ЮРТИМИЗДА 4-5 ЁШДАГИ БОЛАЛАР ПОЛИОМИЕЛИТГА ҚАРШИ ЭМЛАНАДИ

ЮРТИМИЗДА  4-5 ЁШДАГИ БОЛАЛАР ПОЛИОМИЕЛИТГА ҚАРШИ ЭМЛАНАДИ

Полиомиелит — ўткир шол касаллиги бўлиб, асаб тизими, айниқса, орқа мияни шикастлайди. Асосан 10 ёшгача бўлган болаларга бу касалликнинг юқиш хавфи юқори ҳисобланади.

Касалликнинг ягона манбаи хасталикнинг енгил ёки яширин шакли билан оғриган бемордир. Шунингдек, полиомелит касаллиги вируси шахсий гигиена қоидаларига амал қилинмаганда, оғиз орқали ифлос қўл, вирус билан зарарланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар, баъзан ҳаво-томчи йўли орқали ҳам юқади.

Жорий йилнинг 20-30 сентябрь кунлари 4-5 ёшдаги болаларни ИПВ — инактивланган полиомиелит вакцинаси билан эмлаш режалаштирилди. Ушбу жараённи ўтказиш учун 1 миллион 200 минг доза инактивланган полиомиелит вакцинаси мамлакатимиз бўйлаб эхтиёжга асосан етказиб берилмоқда.

Полиомелитга қарши оммавий эмлаш жараёнлари аҳолини “Касаллик ёйилиб кетибди”, деган асоссиз хавотирга солмаслиги лозим. Маълумот учун айтиб ўтишимиз керакки, полиомелит касаллиги юртимизда охирги марта 1995 йилда қайд этилган. Мамлакатимизда ушбу ўткир шол касаллигига қарши фаол эпидемиологик назорат ўрнатилган. Шунинг учун ҳам бу хасталикнинг қўшни ва бошқа хорижий давлатлардан кириб келиш хавфи бартараф қилинмоқда. Полиомиелит касаллигининг олдини олишда ягона чора касалликка қарши эмлаш ҳисобланади.

— Юқумли касалликлар чегара нималигини билмайди. Четдан турли касалликларни қўзғатувчи вируслар кириб келиши хавфи ҳар доим мавжуд, — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакциналар ва имунопрофилактика бўлими бошлиғи Дилором Турсунова. — Шунинг учун миллий эмлаш календаримиз бўйича болаларни ўз вақтида эмлаб бориш керак. Болаларнинг 2, 3, 4 ва 16 ойлигида ҳамда 7 ёшида оилавий поликлиникаларда ушбу касалликка қарши ОПВ — оғиз орқали юбориладиган полиомиелит вакцинаси билан эмлаш ўтказилади. Ҳозирда 95-99 фоиз болалар эмлаш жараёнларига қамраб олинмоқда.

Шуниси аҳамиятлики, дунёнинг айрим давлатларида коронавирусга қарши эмлашдан бошқа вакцинация жараёнлари тўхтатиб турилган бўлса-да, мамлакатимизда бошқа касалликларга қарши эмлаш жараёнлари ҳам давом этмоқда.

20-30 сентябрь оралиғида полиомиелитга қарши эмлаш тадбирларини ўтказиш ҳам режа асосида амалга оширилмоқда. ОПВ — оғиз орқали юбориладиган полиомиелит вакцинаси бивалент бўлгани учун полиомиелит вирусининг 3 та типига қарши қўллаш мумкин бўлган ИПВ — инекцион полиомиелит вакцинаси билан қўшимча равишда эмлаш жорий этилди. Ҳозирда юртимиз бўйлаб 4-5 ёшдаги болалар полиомиелитга қарши эмланади.

Эмланиши керак бўлган болаларнинг 7 фоизи 20 сентябрь куни ИПВ вакцинасини олди.

Ота-оналар ушбу эмлаш жараёнининг аҳамиятини тўғри англаши лозим. Вакцинация — бу касалликка чалинмасликнинг кафолати демакдир.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!