Юнусобод метросидаги фожиа қурбонлари: уларнинг бир дунё орзулари бор эди (ФОТО)

Юнусобод метросидаги фожиа қурбонлари: уларнинг бир дунё орзулари бор эди (ФОТО)

Бундан роппа-роса бир ой аввал — 2019 йил 18 декабрь куни Юнусобод метросининг янги қурилаётган қисмида тупроқ кўчиши юз берган эди. Бир кундан ортиқ давом этган қидирув-қутқарув ишлари натижасида 6 кишининг жасади тупроқ остидан олиб чиқилди. Ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари Қашқадарёдан, яна икки нафари Самарқанддан эди. «Дарё»нинг Самарқанддаги мухбири Фарҳод Норбўтаев ва Қашқадарёдаги мухбири Отабек Қўлдошев мазкур воқеага бир ой тўлиши муносабати билан бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган қурувчиларнинг яқинлари билан учрашди.

Олтинчи қурбон — Зариф Каримов

«Бирор киши қолиб кетмадими деб ичкарига кирганда ер ўпирилиб тушган»

Зариф Каримов 1981 йил Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида туғилган. 2019 йилнинг 14 декабрь куни хизмат сафари билан Тошкент шаҳрига Юнусобод йўналишидаги метрополитен қурилишига юборилган. 18 декабрь куни ер ўпирилиши натижасида тупроқ босиб қолган. 19 декабрь куни соат 11:00 да жасади топилган.

Зариф Каримов.
Фото: «Дарё»

Марҳум Зариф Каримовнинг онаси Яхшигул Ҳайдарованинг таъкидлашича, фарзанди Самарқанд темирйўллари ташкилотида йўл назорати билан шуғулланган. Темирйўл коллежини тугатиб, шу ерда 19 йилдан буён ишлаб келган. Уни метро қурилишига ишхонаси юборган.

Болам ўз ишини яхши кўрарди. Ҳар доим ишим деб юрарди. Ҳаммага меҳрибон эди. Қишлоқдаги нечта одамни темирйўлга ишга олган эди. Ўз оёғи билан кетган ўғлимни бундай аҳволга тушади деб ўйламагандим. Қочадиган жойлари йўқмикан, қочолмадимикан болам! Орзулари ҳам кўп эди. Институтларга топшириб, бошлиқ бўламан деб юрарди.

Яхшигул Ҳайдарова, Зариф Каримовнинг онаси

Зариф Каримовнинг турмуш ўртоғи Майсара Ирисованинг айтишича, эри Самарқанд темирйўллари ташкилотининг «Жума» темирйўл станциясида мастер бўлиб ишлаган. Кейинчалик бош мастер лавозимига ўтказилган. Раҳбарлари қўнғироқ қилиб, Тошкентга 15 кунга метро қурилишига боришини айтган. Зариф Каримов ўзидан ташқари яна 37 нафар ишчини олиб кетган.

Кетишидан бир кун аввал ўзи билан кетадиган ишчиларининг ҳаммасига қўнғироқ қилиб, у ерда совуқ бўлишини, шу сабабли иссиқ кийимларини олишларини айтиб чиқди. Бизга яхши ўтиринглар, болаларга яхши қаранглар деб кетди. Ҳар бир ишини катта масъулият билан қиларди. Турмуш ўртоғимни таниганлар ўз ишини ҳақиқий мутахассиси деб айтарди. Ҳатто Тошкентга бориб ишлаганида ўша ердаги темирйўлчилар ҳам ўз ишини пухта биладиган ақлли инсон эканлигини айтишган.

Майсара Ирисова, Зариф Каримовнинг турмуш ўртоғи

Яхшигул Ҳайдарова ва Майсара Ирисова.
Фото: «Дарё»

Яхшигул Ҳайдарованинг айтишича, воқеа содир бўлган куни Зариф Каримов қазилаётган туннелда ўрнатилган темирларнинг болтлари маҳкам эканлигига ишонч ҳосил қилиш, уларнинг бирортаси бўшаб кетмаганлигини текшириш ва бошқа бирор камчилиги йўқмикан деб ичкарига кирган.

Аввал ишчиларини чиқариб, кейин ўзи яна бирор киши қолиб кетмадими, деб ичкарига кирган. Қолганларни ҳам чақирмоқчи бўлганида ер ўпирилиб тушган, қочолмай қолган. Ичкарида беш киши қолган экан. Шуларни ҳам олиб чиқаман, деган экан ўғлим. Ҳамма чиққанда нега мени ўғлим чиқмай қолди, деб йиғлайман. Ҳамма ишчилари чиққан, наҳот ўғлимнинг ўзи чиқолмай қолган бўлса! Янги йилга яқин келаман деб кетганди. Мен ўғлимнинг ўлганига ишонмайман. Хаёлимда болам ҳалиям ишлаётгандай, қайтиб келадигандай туюлади. Ўлганига ишонмаяпман. Ўзи қийинчилик билан катта бўлиб, ўқиб шу ишга жойлашганди.

Яхшигул Ҳайдарова

Оилада тўрт фарзанднинг каттаси бўлган Зариф Каримов ёшлик чоғидаёқ отасидан айрилган. Темирйўл соҳасида ишлаб келган отаси Тўлқин Каримов автоҳалокат сабаб 38 ёшида ҳалок бўлган. Шу сабабли ҳам рўзғорнинг юмушлари болалик чоғиданоқ Зарифнинг елкасига тушган. Тақдирни қарангки, Зариф Каримов худди отаси сингари 38 ёшида бу оламни тарк этди.

Отасиз катта бўлган болам отасининг ёшида кетади деб ўйламагандим. Баъзан одамларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб шу ерда ишлатадими деб хафа бўлиб қоламан. «Тақдир-да, пешонасида шу кун ёзилган экан-да», дейди кичик ўғлим. Кимга айтай додимни? Мен ўлсам бўлмайдими ўрнингга дейман.

Яхшигул Ҳайдарова

Ҳар йили Янги йил байрамида навбатчиликда турган Зариф Каримовга байрамни оила даврасида кутиб олиш армон бўлиб қолди.

Тўрт нафар фарзандимиз бор. Уч қиздан сўнг ўғилли бўлгандик. Яқинда бир ёшга тўлди. Ўғли туғилганида тўй қиламан деб жуда хурсанд бўлиб юрганди. Уйларни созлаб, тўйга тайёргарлик кўраётганди. Қолаверса, Тошкентга Темир йўл муҳандислари институтига ўқишга топширмоқчи эди. Олий маълумотли бўлишни орзу қиларди. Ўтган йили топширолмай қолганди. Топширганимда мен ҳам имтиҳонлардан ўтардим, деб юрарди.

Майсара Ирисова

Зариф Каримовнинг уйи.
Фото: «Дарё»

Ўзим кичик ўғлим билан яшардим. Ўғлим аяжон мени уйимда яшанг, деб уйига олиб келганди. Сизни санаторияларга юбораман дерди. Поезд тўхтаб қолди, мана бу йўл ундай бўлиб қолди деб, доимо ишхонасидан чақириб олишарди. Айниқса, мана шундай қорли кунларда рельс қисқариб ё катталашиб кетди дерди. Мен тушунмасам. Дарров телефон қилиб чақирарди. Ҳамиша ишда бўларди.

Бундан анча йил аввал қаердадир кўприк қулаб тушган экан. Тиззасигача ҳўл бўлиб уйга келиб уст-бошини алмаштириб, яна бориб поезд йўли кўпригини қурди. Унга анча бўлди. Ҳозир қаерда бўлганлигини эслай олмайман, аммо кечаси билан ишчилари билан ишлади. Оёқлари шилиниб кетган экан. Сизлардан бошқа одам йўқми шуни тўғрилагани деганимда, «Онажон, буни биз қилмасак бўлмайди, бу ердан поезд ўтиши керак», деб айтганди. Шунда оёқлари шамоллаб, «Оёқларим оғрийдиган бўлиб қолди», деб айтарди.

Яхшигул Ҳайдарова

У Пастдарғом туманидаги 14-умумтаълим мактабини аъло баҳолар билан тамомлаган. Мактабда синф раҳбари бўлган Вазира Йўлдошеванинг айтишича, яхши билимга эга бўлган Зариф Каримов синфнинг олди ўқувчиларидан эди. Ҳатто ўқитувчилар унинг турли саволлар беришини ўйлаб, алоҳида тайёргарлик кўриб келишган экан.

Вазира Йўлдошева.
Фото: «Дарё»

Зарифжон ҳеч қачон ноҳақликка чидай олмасди. Шу сабабли ҳам ёшлигида ҳуқуқшунос бўлишни орзу қиларди. Ўтган йили май ойида синфдошлари 20 йиллик юбилей қилишди. Ишига бўлган масъулият ва садоқати сабаб юбилейга ҳам кела олмади. Бу биз учун армон бўлиб қолди. Ҳозир Зарифжоннинг қизига дарс ўтаман. Узоқдан кўрса ҳам олдимга келиб салом-алик қилиб, ҳол-аҳвол сўраб кетарди. Устозларини жуда ҳурмат қиларди.

Вазира Йўлдошева

Зариф Каримов туғилиб катта бўлган «Оқманғит» маҳалласи раиси Баҳриддин Бекмаматовнинг таъкидлашича, маҳалла унинг оиласига ер олиб бериш учун туман ҳокимигига чиқишни мақсад қилган.

Бешинчи қурбон — Ихтиёр Раҳматов

«Даврон ‘Анвар аканинг олдига бориб ўтирамиз’, деб укамни олиб кетди. Уларнинг бари тупроқ остида қолди»

Ихтиёр Раҳматов 1996 йилда Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Фармонобод қишлоғида туғилган. 2019 йил 19 декабрга ўтар кечаси унинг жасади тупроқ остидан олиб чиқилган.

Ихтиёр Раҳматов.
Фото: «Дарё»

Отасининг вафотидан сўнг Ихтиёр Раҳматов акаси ва опаси билан бирга Самарқанд туманидаги «Қорасув» маҳалласида бобосининг уйида яшаб келган.

Ихтиёржоннинг бирор инсонга зиёни тегмасди. Шундай содда, меҳнаткаш бола эди. Отаси вафот этганида Оқдарёдаги бобоси менга керак эмас деб қайтариб юборди. Қизимнинг боласи, қизимнинг ўғли деб ўзим қабул қилдим. Олдимга келиб Тошкентга метро қурилишига боришини айтди. Рози бўлдим. Борганидан сўнг мана шу воқеага дучор бўлди. «Шу ерга бориб ишлаб сизга уч-тўрт пул топиб келайин, сизга ёрдам бўлади, эрта уйланишим керак, уй керак бўлади», деганди.

Болли бобо Туробов, Ихтиёр Раҳматовнинг бобоси

Болли бобо.
Фото: «Дарё»

Метро қурилишида тупроқ кўчиши юз берган куни Ихтиёр Раҳматовнинг акаси Бахтиёр Раҳматов ҳам ўша ерда бўлган.

Ўша куни ёмғир ёғаётган эди. Шунинг учун биз «опалубка»нинг тагида ўтиргандик. Ҳаммамиз битта жойда эдик. «Опалубка» етмади, ичкаридан чиқардик. Ёмғир ёға бошлади. Кейин мен ҳам ўша томонга бордим. Улар чап тарафда, биз ўнг томонда ўтиргандик. Бригадамиздан беш киши ичкарида ўтирган эди. Бошлиғимиз Анвар ака (Диёров) эди. Уларнинг олдидан чиқдим. Совқотдим, оловни олдига бориб ўтираман дедим. Оловнинг олдида исиниб ўтирганимда укам келиб, телефонимни сўради. Телефонимни бердим. Озгина телефон ўйнаб ўтирганда яқин ўртоғи бўлиб қолган, Худо раҳматли Даврон (Абдуллаев) келиб: «Ихтиёр ака, кетдик, Анвар аканинг олдига бориб ўтирамиз» деди.

Биз оловда исиниб ўтиргандик. Воқеа содир бўлмасдан сал аввал уйдан қўнғироқ бўлди. Телефонда гаплашиб ўтирган вақтим бир нарса шунақанги ёрилиб кетди. Ҳамма шокка тушиб қолди. Ёрилганидан сўнг тупроқ ўша «опалубка»нинг устига келиб тушди. Укам ҳам шу ерда қолиб кетганини билиб, уни қидиришни бошладим. Соат тахминан 22:00 да Анвар ака билан яна бир кишининг жасадини топишди. Кечқурун соат 12 ларда укамни топишди.

Бахтиёр Раҳматов, Ихтиёр Раҳматовнинг акаси

Бахтиёр Раҳматов (ўнгдан биринчи).
Фото: «Дарё»

Бахтиёр Раҳматовнинг айтишича, ишчилар ҳимояланадиган жойнинг ораси 2 метр бўлиб, бетон қўйилган. Сувни яхши кўтармайдиган сариқ тупроқ ёмғир кўп ёғиши натижасида ўпирилиб тушган.

Бу фожиами, бахтсиз ҳодисами билмайман. У ерда кўпчилик эдик. 5 мингта одам ишларди. Воқеа бўлган жойда қанча одам борлигини билмайман. Улар ёмғирдан пана бўлиб ўтирганини биламан холос. Худо раҳматли Зариф ака (Каримов) билан ҳам бир-икки марта кўришганман. Улар темирйўлдан эди. Бизга одам етишмаса, улар билан бирга ишлаганмиз. Биз у киши билан каркас тўқиганмиз. Биз ишга ўзимиз борганмиз.

Бахтиёр Раҳматов

Болли бобонинг уйи.
Фото: «Дарё»

Болли бобо Туробовнинг уйида тўрт оила яшайди. Шунинг учун ҳам Ихтиёр акаси билан бирга уй олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилган. Болли бобо ҳам, Бахтиёр Раҳматов ҳам уй олиш масаласида давлатдан ёрдам кутаётганини билдирди.

Учинчи қурбон — Давронбек Абдуллаев

«Синфдошларим дарвозамизни гапиряпти, кўп пул ишлаб таъмирлатаман»

Давронбек Абдуллаев 1999 йилда туғилган. Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги Бешкапа қишлоғида истиқомат қилган. У фожианинг яна бир қурбони — Ойбек Абдуллаевнинг амакиваччаси. 2019 йил 11 декабрда метро қурилишида ишлаш учун Тошкентга келган. 2019 йил 18 декабрь куни кечга яқин унинг жасади тупроқ остидан чиқариб олинган.

Даврон Абдуллаев.
Фото: «Дарё»

Давронжоним фожиадан бир ҳафта олдин Тошкентга кетганди, «онажон пул ишлаб келиб, Янги йил байрамига катта бозор-ўчар қилиб бераман», деганди. Юрак бағримни куйдириб кетди. Бўзлатиб кетди. «Кетма болам», дея қайтаришга уриндим. Аммо «синфдошларим дарвозамизни гапиряпти, уйимизни гапиряпти. Таъмирлатаман. Кўп пул ишлаб келаман», деб кетганди. Қайтиб келмади...

Сабоат Жамолова, Давронбек Абдуллаевнинг онаси

Давронбек Абдуллаев яшаган уй дарвозаси.
Фото: «Дарё»

Давронбек Абдуллаев яшаган уй.
Фото: «Дарё»

Давронбек Абдуллаев яшаган уй.
Фото: «Дарё»

Эндигина 20 ёшга тўлган Давронбек Абдуллаев 2019 йил 28 ноябрь куни Россиядан келиб, 11 декабрь куни Тошкентга йўл олган. Акаси Тошпўлат Абдуллаевнинг таниши марҳум яккабоғлик Анвар Диёров таклифига кўра метро қурилишида иш бошлаган.

Мен Олой бозори ёнидаги кўп қаватли уйларда ишлаётгандим, танишим яккабоғлик марҳум Анвар Диёров телефон қилиб, метро қурилишида ишлаётганини, ишчи кераклигини айтди. Шу сабабли укам Давронбек Юнусободдаги метро қурилишига бориб қолди.

Тошпўлат Абдуллаев, Давронбек Абдуллаевнинг акаси

Тошпўлат Абдуллаев.
Фото: «Дарё»

Тошпўлат Абдуллаев фожиа содир бўлган пайт ўша ерда бўлган. Унинг эслашича, ўша куни ёмғир ёғиб турган ва воқеа эрталабки 9:30 атрофида содир бўлган.

Ер остида ишлаётгандик, тўсатдан чироқ ўчди. Шу пайт ҳамма тепага чиқди. Қарасам ҳамма ер остидан тепага қараб қочяпти. Бир болани тўхтатиб, «нима бўлди», деб сўрадим. «Тупроқ ағанаб кетди», деди. Укам ва амакиваччам Ойбек борлиги сабаб тупроқ кўчган томонга қараб чопдим.

Тошпўлат Абдуллаев

Сабоат Жамолова.
Фото: «Дарё»

Давронбек ўғлимни 9 йил кутиб, дунёга келтиргандим, ундан аввал ҳам уч фарзандимни тупроққа қўйдим, Давронжонимнинг ўлими мени адойи тамом қилди. Россияда тоғаси билан ярим йил ишлаб қайтганди. Келишган, суқсурдек йигит бўлиб қайтганди. Энди ўғлимсиз қандай яшайман?

Тоғаси февралда яна Россияга олиб кетаман деганди, жиянларимнинг ичида энг ақллиси дея мақтаганди. Бир кун Россияда тоғасининг машинасини рухсатсиз ювибди. Шунда тоғасига унинг рухсатисиз бир ишга қўл урганини айтиб, узр ҳам сўрабди. Тоғаси эса, «Сенга раҳмат, яхши иш қилдинг-ку, нега узр сўрайсан?», дея жиянининг ишидан мамнун бўлган. Шундай хокисор йигит эди-да, ўғлим...

Сабоат Жамолова

Иккинчи қурбон — Ойбек Абдуллаев

Беш кун олдин қайтиши керак эди, аммо ойлигини ололмагани учун қолиб кетди

Ойбек Абдуллаев 1989 йилда туғилган. Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги Бешкапа қишлоғида истиқомат қилган. У фожианинг яна бир қурбони Давронбек Абдуллаевнинг амакиваччаси. 2019 йилнинг октябрь ойидан метро қурилишида ишлаган. Фожиадан сўнг тупроқ остидан олиб чиқилган жасадлардан иккинчи бўлиб унинг шахсига аниқлик киритилган.

Ойбек Абдуллаев.
Фото: «Дарё»

Ўғлим Ойбекжоннинг ўлганига ишонгим келмайди, назаримда эшик очилади-ю, болажоним кириб келади. Ёлғиз ўғил эди. Икки нафар қиздан сўнг Яратган берган битта-ю битта ўғлим эди. Фарзандлари Беҳрузжон ва Руҳшона бўзлаб қолди. «Янги йилга дадам Қорбобо бўлиб келади», дея кутаётганди.

Ҳаловат Шукурова, Ойбек Абдуллаевнинг онаси

Ойбек Абдуллаев уйини таъмирлашга пул топиш учун метро қурилишига келган.

2019 йил 21 октябрь куни Тошкентга кетганди, «ишлаб келиб, уйни таъмирлатаман деганди. Аммо жонсиз танаси қайтди.

Тўра Абдуллаев, Ойбек Абдуллаевнинг отаси

Тўра Абдуллаев ва Ҳаловат Шукурова.
Фото: «Дарё»

Марҳум яқинларининг айтишича, Ойбек Абдуллаев фожиадан беш кун олдин тўй сабаб уйга қайтмоқчи бўлган. Аммо маошини ололмагани боис келмаган.

13 декабрь куни тўйга келмоқчи эди, аммо пулини ололмагани, ёнида етарлича пули бўлмагани сабаб келолмади. «Ойлигимизни ололмадик, 28 декабрь куни ишни тугатамиз, ўшанда пулларимизни олиб, тўлиб-тошиб борамиз», деганди. Аммо афсус келмади...

Гулшан Намозова, Ойбек Абдуллаевнинг турмуш ўртоғи

Марҳумнинг муҳтожларга кўмак бериш нияти бўлган.

Ўғлим кўп пул ишлаб, ёрдамга муҳтожларга кўмак беришни ҳам ният қилган экан, аммо ўша куни келган журналист қиз келинимга 100 доллар берибди. «Биз муҳтожларга ёрдам бермоқчи эдик-ку, нега энди бизга хайрия қилишяпти», дея хўрсиниб йиғлади, аламидан куюнди. Лекин тақдир шу экан.

Ҳаловат Шукурова, Ойбек Абдуллаевнинг онаси

Гулшан Намозова.
Фото: «Дарё»

Раҳматли турмуш ўртоғим жудаям самимий, хушчақчақ инсон эди, ҳар доим мени ардоқларди. Ҳатто ҳазил қилиб «Дадаси, яна танлаш имкони бўлганда мени дермидингиз ёки кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади дермидингиз», дея сўрардим. «Фақат сени дейман, сени дунёга келтирган онангга раҳмат айтишим керак», дея кўнглимни кўтарарди. Бағрикенг, самимий инсон эди-да.

Гулшан Намозова, Ойбек Абдуллаевнинг турмуш ўртоғи

Биринчи қурбон — Жонибек Равшанов

«Ўғлимнинг метро қурилишига кетишига мен сабабчиман»

Жонибек Равшанов 1989 йилда туғилган. Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги Бешкапа қишлоғида истиқомат қилган. Тупроқ остидан унинг жасади биринчи бўлиб чиқариб олинган.

Жонибек Равшанов.
Фото: «Дарё»

Унинг онаси Рисолат Бобомуродова ўғлини тирикчилик учун ишга юборгани боис ўзини койийди.

«Дадангнинг мазаси йўқ, қизинг ‘каша’ ичиши керак, ишлаб пул топиб келганинг маъқул», дея ўғлимнинг ўша ёқларга ишга кетишига мен сабабчиман. Мен юбормаганимда кетмас эди. Қўли гул йигит эди. Ҳовлининг ҳар бир бурчагида қилинган ишда қўли бор. Ҳеч тиним билмасди. Меҳнаткаш инсон эди.

Рисолат Бобомуродова, Жонибек Равшановнинг онаси

Рисолат Бобомуродова.
Фото: «Дарё»

Укам вафот этгач, кетма-кет 3 кун тушимга кирди. Энг яқин сирдошим, маслакдошим укам эди. Мени жонидан ҳам ортиқ яхши кўрарди. Фақат мен ҳақимда қайғурарди. Мен унинг учун акадек, у эса менга худди сингилдек яқин эди. Сирлашардик. Меҳрибоним эди.

Фарида Равшанова, Жонибек Равшановнинг опаси

Тўртинчи қурбон — Анвар Диёров

«Болаларим доим дадасини излайди»

Анвар Диёров 1986 йилда туғилган. Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида истиқомат қилган. Бир неча йилдан бери Тошкент шаҳридаги турли қурилиш ишларида фаолият олиб борган.

Анвар Диёров.
Фото: «Дарё»

Ўғлим энг катта фарзандимиз эди. Оилада катта фарзанд бўлгани учунми жуда масъулиятли эди. Укаси ва синглиси ҳақида қайғурарди. Афсус, барчамизни бўзлатиб кетди.

Нормурод Диёров, Анвар Диёровнинг отаси

Анварнинг турмуш ўртоғи Лобар Раҳмонованинг айтишича, фожиадан токи турмуш ўртоғининг жасади олиб келингунига қадар хабари бўлмаган.

Турмуш ўртоғим жудаям камгап эди, ҳатто туннелда ишлаганини ҳам кейин билдик. Қизим Нозима дадасини кўп сўрайди. Дилнура қизим ва Холмурод ўғлим эса доим дадасини излайди. Янги йилда келишини интизор бўлиб кутгандик.

Биз алоҳида яшаймиз, шу боисдан ҳам ўша куни ота-онам келиб қайнонангнинг мазаси бўлмаяпти экан, деб қайнотамнинг уйига олиб борди. Бориб, шу воқеа ҳақида эшитдим...

Лобар Раҳмонова, Анвар Диёровнинг турмуш ўртоғи

Дастлабки хабарларда 250 метр куб тупроқ кўчгани, кўчкига давомий ёмғир сабаб бўлгани айтилган эди. Бахтсиз ҳодиса муносабати билан ўша куннинг ўзида бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раислигида ҳукумат комиссияси тузилган, пудратчи-қурувчи ташкилотлар томонидан марҳумларнинг оила-аъзолари ва яқинларига 100 миллион сўмлик дастлабки товон пуллари тўлаб берилган эди.

«Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка асосан қўшимча компенсация пуллари тўлаб берилади», — дейилганди ФВВ ахборотида. Ҳодиса юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 257- (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 258-моддалари (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган эди.

Айнан шу фожиадан сўнг Юнусободдаги метронинг янги бекатлари очилиши 2019 йил охиридан 2020 йил Наврўзига қолдирилди, Президент Шавкат Мирзиёев эса 2020 йилда ўтказилган илк йиғилишларнинг бирида қурилиш соҳасида меҳнат муҳофазасини кучайтириш бўйича кўрсатма берди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!