Юнусобод фожиаси бўйича тузилган махсус комиссия қарори қачон эълон қилинади?

Юнусобод фожиаси бўйича тузилган махсус комиссия қарори қачон эълон қилинади?

Бугун, 17 январь. 6 нафар ҳамюртимизнинг бевақт ўлимига сабаб бўлган Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида юз берган бахтсиз ҳодисага бир ой тўлди.

2019 йилнинг 18 декабрида, фожиа рўй берганидан бир неча соат ўтиб Вазирлар Маҳкамасининг 1058-сонли фармойишига мувофиқ ҳодиса сабабларини ўрганиш, оқибатларини бартараф этиш ҳамда келгусида шу каби ҳолатларни олдини олиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилганди.

Кейинроқ, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган 6 нафар ишчиларнинг ҳар бири учун 100 млн. сўмдан компенсация тайинланиб, пуллар марҳумларнинг яқинларига тўлаб берилгани ҳақида хабар қилинди.

Маълумки, ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда вафот этишига сабаб бўлган бахтсиз ҳодисалар махсус текширишдан ўтказилади. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳудудида ва унинг ташқарисида меҳнат вазифаларини бажараётганда юз берган жароҳатланиш, заҳарланиш, портлаш, фалокатлар, иморатлар, иншоотлар ва конструкциялар бузилиши, куйиш, музлаш, электр токи ва яшин уриши, шунингдек табиий офатлар (шу жумладан, ўпирилишлар) туфайли саломатликнинг бошқа хил шикастланишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар текширилади ва ҳисобга олинади.

Ушбу низом талабига кўра, 5 ва ундан зиёд кишининг ўлимига сабаб бўлган бахтсиз ҳодисалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида тузилган комиссия томонидан текширилади.

Махсус текшириш комиссияси 15 кун мобайнида бахтсиз ҳодисани текшириб чиқади, корхонадаги меҳнатни муҳофаза қилиш аҳволини, агар зарур бўлса, тармоқнинг бошқа корхоналарида ҳам текширишни ташкил этади, махсус текшириш далолатномасини тузади.

Мазкур далолатномага асосан марҳумларнинг ўлими уларнинг меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда юз бергани тасдиқланса, қонунларда белгиланган тартибда ва миқдорларда бошқа тўловлар ҳам амалга оширилиши лозим бўлади.

Жумладан, Меҳнат кодексининг 192- ва 193-моддалари ходимнинг вафоти муносабати билан унинг қарамоғида бўлган шахсларга зарар тўловлари тўланиши лозимлигини кўзда тутади.

Kun.uz таҳририяти Ҳукумат комиссияси томонидан амалга оширилган ишлар билан қизиқди. «Ўзбекистон Темир йўллари» АЖ матбуот хизмати ушбу масалага Транспорт вазирлиги муносабат билдириши мумкинлигини маълум қилди. Транспорт вазирлигининг матбуот котиби тақдим этган маълумотга кўра, махсус комиссия ҳозирда ўз ишини якунлаган, натижаси бўйича тайёрланган ҳужжат лойиҳаси эса Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Тайёрланган ҳужжат лойиҳасида айнан нималар баён этилгани ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳодиса юз берганига бир ой тўлган бўлишига қарамасдан, марҳумларнинг меҳнат қонунчилигида белгиланган ҳуқуқлари билан боғлиқ масала юзасидан қандай қарор қабул қилингани ҳақидаги савол очиқ қолмоқда.

Kun.uz бу масаладаги ўрганишларини давом эттиради.

Дилшод Абдуқодиров


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!