Юлдуз Усмонованинг суди бўйича расмий баёнот берилди

Юлдуз Усмонованинг суди бўйича расмий баёнот берилди

2021 йил 15 июнь куни фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг иш юритувига даъвогар Тажимуратов Даулетмурат Мирзамуратовичнинг жавобгар Усманова Юлдуз Ибрагимовнага нисбатан шаън-қадр қимматга етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги аризаси келиб тушган.
Даъво талабидан кўринишича, даъвогар Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усманованинг концертида “Қарақалпоғистон, сизлар айтишингиз мумкин нимага Қорақалпоғистон деб, атта умуман яшаш осон эмас, лекин Ўзбекистон халқи бағрининг ичидаги “чопони” ичидаги бир халқ...” деган сўзларни эшитганлиги, унинг бу сўзлари Қорақалпоғистон ҳалқини камситганлиги, “у ерларда осон эмас”, деб ёмон қилиб кўрсатганлиги, “биз улар учун жавобгармиз”, деган сўзлари билан уларни ожиз, бировнинг ёрдамига мухтож халқ сифатида таърифлаганидан норози бўлиб, суддан жавобгар Усманова Юлдуз Ибрагимовнага Қорақалпоғистон халқи ва даъвогар Тажимуратов Даулетмурат Мирзамуратовичдан кечирим сўраш мажбуриятини юклашни сўраган.
Суд муҳокамаси 7 июль куни соат 14:00 га тайинланган бўлиб, жавобгар Ю.Усманова судга ўзининг соғлиги ёмонлиги сабабли ишни кўришни кейинга қолдириш тўғрисидаги аризаси билан мурожаат қилган.
Шунга асосан суд мажлиси 2021 йил 16 июль куни соат 14:00 га қолдирилган, бу ҳақда тарафлар тегишли тартибда огоҳлантирилган.
Мазкур фуқаролик иши бўйича даъвогар Д.Тажимуратов фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро судига қўнғироқ қилиб, самолёт учмаганлиги сабаб, ФИБ туманлараро Нукус суди биносида ВКА режимида иштирок этиши тўғрисида судга илтимоснома киритгани сабабли бугун, 16 июль санасидаги суд мажлиси шу режимда тарафлар иштирокида кўрилди.
Дастлаб суд таркиби эълон қилинди, тарафлар эътироз билдирмадилар, раддия келтирилмади.
ВКА режимидаги суд мажлисида даъвогар Д.Тажимуратов, жавобгар вакили адвокат Э.Уайдуллаева ҳамда эркин кузатувчилар – Жоллибай Бекназаров ва Есемурат Эсбоганов иштирок этишди.
Суд мажлисида тарафларнинг шахси аниқланди. Даъвогар жавобгар вакилининг иштирок этишига эътироз билдириб, шахсан Ю.Усманова қатнашишини сўради.
Жавобгарнинг вакили адвокат ёзма илтимоснома киритиб, иш ҳужжатлари билан танишиш ва суд муҳокамасига тайёрланиш учун муҳлат беришни сўради.
Суд ўз жойида ажрим қилиб, даъвогарнинг жавобгар вакили иштирок этишига йўл қўймаслик тўғрисидаги илтимосномасини рад этди.
Суд ўз жойида ажрим қилиб, жавобгар вакилининг ишни кейинга қолдириш илтимосномасини қаноатлантирди.
Суд мажлиси ВКА режимида кўрилиши 2021 йил 23 июль соат 15:00 га қолдирилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!