“Юлдуз қайси тоифага киради?” Ёхуд ўтин ёраётгандагина “Бисмиллоҳ”ни айтадиганлар...

“Юлдуз қайси тоифага киради?” Ёхуд ўтин ёраётгандагина “Бисмиллоҳ”ни айтадиганлар...

Бизда турли хил тоифадаги мусулмонлар бор, менимча.

1. Мусулмон бўлиб туғилган, лекин мусулмон бўлиб яшамайдиганлар.
Саволга “ҳа, мусулмонман“ деб жавоб беради.
Ислом бу гуруҳга кирувчи одамларни ҳаётида фақат анана ва қадриятлардагина яшаб келмоқда. Омин қилишни билади, фотиха ўқишни кўпчилиги билмайди, билганиям фақат маърака ёки қабристонда ўқийди. Ароқ ичилган дастурхонда ўқиворадиганлариям бор. Ахлоқ ва одоблари кўрган фильмлари натижасида шаклланган ва нафсини хеч қачон хафа қилмайди. Аёллари тўй оқшомида елка очиқ кийиниб никоҳ ўқилаётганда паранжида ўтиради, эркаклари фақат таъзияга борганда ўзини мусулмондек тутади. Жума намозига чиқмайди, рўза тутгани ярамайман деб ўйлайди. Ғуслни билмайди, мукаммал таҳорат ололмайдиганлари ҳам кўп. 
Бисмиллоҳни ўтин ёраётганда ва кимдир эслатса, дастурхонда айтиши мумкин. Исломий буйруқларга тоқатсиз. Ислом номи билан насиҳат қилганлардан қочишга уринишади. Намоз ўқийдиганларни, соқол қўйганларни, ҳижобда юрадиганларни (очиқча тан олишмаса-да) жинлари суймайди. Ўлганда мусулмонча удумлар билан қабрга қўйилади. Шиорлари: қалб тоза бўлса, бас. Аслида қалбларидаги тасаввурларидаги тозалик ҳам камдан камларида учрайди. Бу гуруҳ одамлари қандайдир эхтимолий таъсир ва сабаблар билан мен келтирадиган пастдаги гуруҳ одамларига айланишлари мумкин.
Бу гуруҳ одамлари аҳолининг 50 фоизини ташкил қилади десам ғашларинг келмасин.

2. Қандай эътиқодий оилада туғулгани муҳим эмас. Саволга жавоб берадиган ёшга етганда “Алҳамдулиллаҳ, мусулмонман!“ деб жавоб беради. Намозни тўлиқ ўқимайди, баъзилари фақат бомдод ўқишади. Ахлоқ одоблари гуноҳ ва савоб тушинчаларига асосланган. Ҳажга боришни орзу қилишади, рўзани иймон кучидан эмас, жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб тутишади. Ирим-сиримларга мойилликлари бор, ҳаёт тарзлари Исломий илмларга асосланмаган, яшаш тарзларида соф Ислом буюрганларини ҳисобга олаверишмайди. Лекин Исломни ўрганишга мойилликлари бор доим. Аёллари ўртамиёна кийинишади, тиззадан тепасини, елкасини кўрсатиб юришдан ҳаё қилишади. Эркаклари, масжидларга фақат жума ва ҳайит намозларида чиқишади.
Бундайлар совет давридан онглари чалажон бўлиб ўтган оила фарзандлари. Дин ҳақидаги тушунчалари фақатгина бобо ва бувиларини айтганларига асосланган. Бу гуруҳдаги инсонлар ҳаётлари давомида санаб ўтаётган барча гуруҳларимиздаги одамларга айланишлари мумкин.
Бу гуруҳ одамлари умумий аҳолини 20 фоизи десак тўғри бўлса керак.

3. Қандай оилада туғилгани муҳим эмас. Муҳими у қайсидир даврда ва қайсидир сабаб билан ҳидоят топган. Аслида бу гуруҳни ҳам гуруҳларга бўлиш мумкин, лекин баён чўзилиб кетади. Энди бундайлар ҳидоятни қандай топганига қараб юқоридаги гуруҳ одамларига тоқатлари турлича бўлади.
Келинг, бу гуруҳни 10 % дейлик.

4. Мусулмон оилада туғилган. Бутун борлиғию ҳаёт тарзи Ислом ақийдаларига асосланганлар гуруҳи. Совет давридаги репрессиялар оқибатида ноихтиёрий бироз радикаллашган, мутаассиблашган оилада униб ўсганлари юқоридаги гуруҳ одамларига мутлоқа тоқатсиз, уларни одам ўрнида кўрмайдиганлари ҳам бор.
Лекин саодат асрларидаги умматдек хушфеъл, доно, мукаммал тақволи, юқоридаги гуруҳларга тоқатлилари ҳам кўплаб учрайди. Буларнинг бошқа гуруҳдагилар каби бўлиш эҳтимоли деярли йўқ. Бундайларни ҳам 10% десак тўғри бўлади.

Қолган 10 фоиз одамлар атеист, деист, теист ва бошқа эътиқоддаги одамлардир. Мавзу бу гуруҳ одамлари ҳақида эмас.
Мана халқимизни гуруҳларга бўлиб ҳам олдик.
 Энди озгина таҳлил қисми. 
Ҳар бир гуруҳнинг машҳур аъзолари бор. Булар кўпроқ санъаткорлар, сиёсатчилар, шоир-адиблар ва блогерлар бўлиши мумкин.
Гуруҳлар ўзаро тоқатсиз эканини хисобга олсак уларни юқори босқичга чиқишида машҳурлар хизмат қилишади. Масалан, Юлдузни олайлик. У 3-,4- гуруҳлар наздида хато фикр қилгандир. Лекин у ўз гуруҳидаги одамларни машҳури сифатида минглаб 1- ва 2-гуруҳлардаги мухлисларида кейинги босқичларга кўтарилишларига сабаб бўлган қизиқишни уйғотди. Юлдуз ишида давом этиб, намоз ўқишини, рўза тутишини ҳам ўз ахлоқича оммага билдирса, бунинг ортидан ўша ўзи мансуб бўлган гуруҳ одамлари ҳам унга онгли ёки онгсиз ҳавас туфайли эргашадилар. Бир амаллаб 3-босқичга келиб қолган 1- ва 2- босқич одамлари илмни мустақил излашни бошлайдилар ва 4-гуруҳ наздидаги ҳидоятга ҳам эришадилар. Сизни маломатингиз фақат ўзингиз мансуб бўлган гуруҳ одамларига қизиқ ва таъсирли бўлиши мумкин. Бошқа гуруҳ вакилларига эса акс таъсир қилади. Дин учун ҳеч қачон фойда бермайди. Шунинг учун тоқатли бўлишга интилишимиз керак деб ўйлайман. 
Тўғри, бироз хаёлпарастликдек туюлиши мумкин лекин кўп йиллик кузатишларимдан шу хулосага келганман. 

Абдулазиз Эшонтўраев


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!