Йўл-транспорт ҳодисалари нега кўпаймоқда?​

Йўл-транспорт ҳодисалари нега кўпаймоқда?​
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалалари юзасидан Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг кенгайтирилган қўшма мажлисида Қашқадарё вилоятида жиноятчилик, ёшлар ўртасида қасддан одам ўлдириш ҳолатларининг кўп кузатилаётгани, айниқса, йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ўлим ҳолатларининг ортиб кетганлиги танқид қилинди. 
 
Мажлисда тилга олинган масалалар бўйича Қашқадарё вилоятида аҳволни яхшилаш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда? ЎзА мухбири ана шу ва мавзуга доир бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Қашқадарё вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Эркин Қурбонов билан суҳбатлашди. 
 
– Олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида жорий йилнинг 7 ойи давомида вилоят ҳудудидаги автомобиль йўлларида содир этилган йўл транспорт ҳодисаларининг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 403 тадан 392 тага (2,7 фоизга), улар оқибатида жароҳатланганлар сони эса 408 тадан 367 тага камайишга эришилган. Афсуски, ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар сони ўтган йилги кўрсаткичларга тенглашган, яъни 108 нафарга етган. 
 
Бундан ташқари, болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58 тадан 60 тага, улар сабаб жароҳатланган сони 49 нафардан 55 нафарга ошган. Ҳалок бўлганлар сони 13 нафардан 11 нафарга камайган. 
 
Содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлили асосида ЙПХ ходимларининг асосий эътибори йўл транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига сабаб бўлувчи қўпол қоидабузарликларни аниқлашга қаратилди. 
 
Тергов органлари томонидан 2018 йилнинг 7 ойи давомида вилоят ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят ишлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 189 тадан 113 тага ёки 40,2 фоизга камайган. Лекин ЖКнинг 266-моддаси 2-3-қисми билан қўзғатилган жиноят ишлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 78 тадан 90 тага ёки 15,4 фоизга ошган. 
 
Одамлар ўлими билан боғлиқ 3 та оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиб, улар оқибатида 9 нафар фуқаро вафот этган, 3 нафари жиддий тан жароҳати олган. 
 
ЙТҲ таҳлилларига асосан амалий ва профилактик ишларни кучайтириш мақсадида барча шаҳар ва туманлар халқ таълими бўлимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона, ташкилотлар ҳамда умумтаълим мактабларида 1 минг 968 маротаба йиғилишлар ўтказилди. Йўл ёқаларида ҳайдовчиларни ҳушёрлик ва сергакликка чақирувчи 738 паннолар ўрнатилди. Мунтазам ЙПХ масканлари ва йўналишларида ҳайдовчиларни огоҳликка чақирувчи буклетлар тарқатилди.
 
Ҳозирги кунда ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари кўплаб содир этилаётган 4Р-87 “Еттитом-Қарши” ва 4Р-79 “Қарши – Шаҳрисабз” астомобиль йўлларида транспорт воситалари тезлигини бутун йўналиш бўйлаб 70 км/соат этиб белгилаш бўйича вилоят ҳокимининг фармойишига асосан жами 20 та йўл белгилари ўрнатилди.
 
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида келгусида яна қўшимча ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Бунинг учун соҳага алоқадор бир қанча ташкилотларни ҳамкорликка жалб қилганмиз. 
 

Manba: uza.uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!