Ёймачилар туфайли Асака деҳқон бозори олдидаги кўчада йўл ҳаракати фалаж ҳолатга келиб қолган (фото)

Ёймачилар туфайли Асака деҳқон бозори олдидаги кўчада йўл ҳаракати фалаж ҳолатга келиб қолган (фото)

Андижон вилояти Асака туманининг Барака маҳалласи аҳолисидан шикоят келиб тушди: Асака кўчасининг бир тарафи тўсиб қўйилган. Шаҳарнинг қоқ марказидаги бу кўчада фавқулодда вазият бўлса, ўт ўчирувчилар ҳам, бошқалар ҳам айланиб, нариги бошидан кириши керак бўлади. Ўша тўсилган бошида ёйма бозори бўлиб, йўл ҳаракатини фалаж ва хавфли аҳволга олиб келган . Шикоят юзасидан журналист Умиджон Мамарасулов суриштирув олиб борди, деб хабар бермоқда Daryo.uz.

Фото: Рустам Эшонов

Кўчамизга кираверишдаги тайёр катта кўчани йўқ қилиб, у ерга қандайдир плиткалар ётқизиб, фавворалар ўрнатиб, дам оладиган жойга айлантирмоқчи бўлишди. Лекин ҳозир машина тугул пиёда ўтишнинг ҳам иложи йўқ. Шунинг учун бу ер одамларга жуда ноқулай бўлиб қолди. Кўчани асл ҳолига қайтарилишини бутун маҳалла аҳолиси хоҳлайди. Мана кўринг, ҳозирги ҳолатда тез ёрдам, ўт ўчириш машиналари бу ердан киришга жуда қийналади. Айланиб келадиган бўлса, жуда узоқ бўлиб кетади. Етиб келгунича турли бахтсиз ҳодисалар бўлмайди, деб ким кафолат беради. Ҳеч ким. Шунинг учун йўлни илгариги ҳолатига келтириб, очиб беришини сўраб бир неча бор илтимос қилгандик. Аммо натижа йўқ , дейди Толибжон Содиқов.

Қизил чизиқда кўчани тўсиб савдо қилаётган савдогарлар эгаллаб олган жойлар кўрсатилган.
Скриншот: Google Maps

Жуда кўп ҳаракат қилдик, аммо очилмади, дея фикр билдирди Жумавой Райимқулов. Фуқароларимизнинг барчаси беркилганлиги учун қарши. Очиб беришса яхши бўларди. Мана ўтган йили қўшнимизнинг уйи ёнди. Ўт ўчирувчилар айланиб келгунича кўп талофат кўрди .

Одинахон Жўрабоева.
Фото: Рустам Эшонов

Асака кўчаси 46-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Одинахон Жўрабоеванинг маълум қилишича, бир йил аввал уйига ўт кетган. Ўт ўчирувчилар етиб айланиб келгунча катта талафот кўрган. Ўтган йилнинг сентябрь ойида тунги соат 1:30 лар атрофида хонадонимизда тўсатдан ёнғин чиқиб кетди, сабабини билмаймиз. Ўт ўчирувчилар кўча бошининг берклиги сабаб кўчанининг нариги томонидан айланиб, етиб келгунича кўп нарсамиз ёниб бўлган эди. Катта талофат кўрганмиз. Бўлмасам ёнғин хавфсизлиги бўлими нариги кўчада, рўпарамизда жойлашган , дейди Одинахон Жўрабоева.

Алишер Холиқов.
Фото: Рустам Эшонов

Бозоримиз қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилганига икки ой бўлди, дейди Асака деҳқон (озиқ-овқат) бозори раҳбари Алишер Холиқов. Ҳозирда 690 та растамиз бор. Бунда асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш режалаштирилган. Лекин расталар тадбиркорлар озлиги учун ҳали тўлиғича шакллангани йўқ. Тадбиркорларнинг кўпчилиги буюм бозори ва бозордан ташқарида савдо қилмоқда.

Фото: Рустам Эшонов

Уларни бозор ҳудудига олиб кираяпмиз. Бироқ вилоят ҳокими томонидан жой учун белгилаб берилган нархлар бўйича бадал пулларини олсак, Оғирлик қилаяпти, қиммат тушаяпти деб кўчага чиқиб оляпти. Сабаби кўчадаги тадбиркорлар томонидан ташкиллаштирилган жойларда арзонгина пул тўлаб, ёки тўламасдан ҳеч қандай рухсатномасиз, ноқонуний тарзда ўтиришибди. Шунинг учун улар бозор ҳудудида ўтиришни истамаяпти.

Олиб кириш бўйича кўп маротаба ҳаракат қилинган. Тез кунларда олиб кириб, бозоримиз фаолиятини йўлга солиб оламиз деган умиддамиз. Яна бир нарса, шу кўча асосий йўл қилиб очилмагунча тадбиркорларни олиб кириш имконияти бўлмайди .

Фото: Рустам Эшонов

Асака деҳқон (озиқ-овқат) бозорига кириш йўли ободонлаштириш, шунингдек аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида туман ҳокими Тоҳир Шоввозовнинг 2016 йил 20 июлдаги фармойиши билан тадбиркорларга берилган (Тоҳир Шоввозов 2017 йилнинг июлида лавозимидан озод қилинган таҳририят). Фармойишда Ойдиной Дадажанова, Роҳатой Эгамбердиева, Мақсуджон Собировларга белгиланган тартибда ҳар бирига 600 квадрат метрдан ер майдонига фаввора қуриш, атрофини ободонлаштириб, музқаймоқ ва салқин ичимликлар сотиш жойи ташкил қилишга рухсат берилган. Бу ерда савдо қилаётганлар учун бир неча бор тушунтириш ва огоҳлантириш ишлари олиб борилган. Шундай бўлса-да, ҳаммаси яна ўзбошимчалик билан туриб оляпти. Тепадан тадбиркорларга тегма дегани учун бирорта чора кўролмаймиз. Шунинг учун улар билганини қилишмоқда. Давлат рўйхатидан ўт десак унамайди, ўз билганидан қолмайди , дейди давлат солиқ инспекцияси ҳудудий инспектори Бахтиёржон Арзиев.

Асака тумани ҳокимининг фармойиши

Бу ерга ҳар биримиз камида 150 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлаганмиз, дейди тадбиркор Роҳатой Эгамбердиеванинг ўғли Авазбек Эгамбердиев. Очилишига туман ҳокимининг ўзи келган. Аввалига яхшигина фаолият юритдик. Бозор қурилиши бошлангандан кейин ҳамма кўчада савдо қилишга ўтиб олди. Битгач ҳайдасак ҳам фойдаси бўлмаяпти. Аксинча кечаси дўконимиз ойнасини синдириб қочишяпти. Шундан безиб бирор нарса деёлмаяпмиз. Бугун буларни ҳайдасангиз, эртага ёймачи савдогарлар чиқиб олади. Яна тирбандлик, яна бош оғриқ. Одам бирор нарса дегани ҳам чўчийди .

Фото: Рустам Эшонов

Шу ерда турганларнинг барчасининг эски бозор ўрнида жойи бор эди. Мева-сабзавот, озиқ-овқат алоҳида расталарга жойлаштирилса яхши бўларди. Лекин озиқ-овқат сотишга рухсат йўқ дейишмоқда. Бунинг сабабини сўрасак Корзинка дўкони борлигини рўкач қилишмоқда. Нима қилишни билолмай қолдик. Бизга ҳам айниқса куз-қиш кунларида кўчага чиқиб туриш ёқмайди , дейди сайилгоҳни бозорга айлантирган савдогарлар.

Фото: Рустам Эшонов

Жалолиддин Мангуберди кўчамизда транспортнинг кўплигидан, Damas ларнинг туриб олиши натижасида одамларнинг юришига халақит бермоқда, дейди Барака маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассис Мухтасархон Қосимова. Бир неча бор тумандаги уюшмаларга мурожаат қилдик. Рейд тадбирлари ўтказилди. Ўн кунча ҳаммаси жойига тушиб, ҳозир яна шундай тирбандлик, қийинчиликлар юзага келмоқда. Президентимиз аҳолига қанчалик яхши шароит яратиб беришига қарамасдан улар нотўғри тушунча билан юрибди. Қайда бўлса тирикчилик қиламан, мумкин деган тушунчага келиб қолган. Аслини олганда тайёр автотранспортлар учун жой бўлишига қарамасдан мумкин бўлмаган жойларга машиналарини қўйиб олишяпти. Харидорларнинг ўтишига тўсқинлик қилмоқда. Автоҳалокатлар юз бериши ҳам мумкин-ку. Уларга тирикчилиги бўлса бўлди. Бошқалар билан иши йўқ.

Фото: Рустам Эшонов

Бозорда ўрта ерларда ўтириб савдо қилаётган тадбиркорларда шунақа тушунча борки, ерда ўтириб савдо қилса яхши бўлади. Булар бозор ичига кириб савдо қилса ўзига ҳам, аҳолига ҳам яхши бўлади, аслида. Чунки турли касалликлар тарқамайди. Тайёр жойлар қилиб қўйилди бозор ичида, лекин аҳоли шу ерларга кириб савдо қилишни истамаяпти. Биз бунга ҳам бир неча бор чора кўрдик. Рейд қилинди, кўчма савдо дўконлари олиб ташланди. Аммо қайси бир кимсалар шу ерга қайтадан ўрнашиб олмоқда. Прокуратурага, ҳокимликка, керакли жойларга шу йўлларни тўғрилаш, тирбандликни олдини олиш бўйича хат чиқарганмиз.

Одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида туннел қилинган, бироқ тадбиркорлар у ерга ҳам нарсаларини қўйиб олиб, кўпчиликка қийинчилик туғдирмоқда. Натижада бозорга келувчилар асосий автомобиль йўлидан ўтишга мажбур бўлмоқда .

Фото: Рустам Эшонов

Тасвирга олиш вақтида туннелда савдогарлар нарсаларини йиғиштириб туннелни бўшатишни бошлаган. Бўларкан-ку, шу йўлда ҳам бемалол юрса , дейди ер ости йўлидан ўтаётган йўловчилар.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!