Ёт ғоялар таъсирида гулдек оила пароканда бўлди: собиқ келин ва неваралар тақдири эса номаълум

Ёт ғоялар таъсирида гулдек оила пароканда бўлди: собиқ келин ва неваралар тақдири эса номаълум

Ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиб, адашганлар ҳақида кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Уларнинг аксарияти тоғни уриб талқон қиладиган, халққа, ватанга фойдаси тегиши мумкин бўлган, айни кучга тўлган ёшлар эканлиги ғоятда ачинарлидир.

Ўзини сарсон-саргардонликка, мудом таҳдид остида яшашга гирифтор қилибгина қолмасдан, бутун бир оиласини, ота-онасини, хотинию бола-чақасини ҳам бу боши берк кўчага олиб кирса-чи?

Яқинда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида 60 ёшни қаршилаган Тошпўлат Авазовнинг жиноий иши кўриб чиқилди.

Унинг бир эмас икки фарзанди хориждаги жангари террорчилик гуруҳларига бориб қўшилган. Катта ўғли Шерзод Сурияда ИШИД аъзоси бўлса, кичик ўғли Шеҳроз Покистонда фаолият олиб бораётган «Туркистон исломий ҳаракати» террорчилик гуруҳи сафларида қўпорувчилик ҳаракатлари билан банд.

Кичик ўғли отасини Туркия давлатига келишга, ўзи билан онаси, рафиқаси ва уч нафар норасида ўғилларини ҳам олиб келишга даъват этади.

Ота Т.Авазов уларни олиб 2013 йилнинг августида хотини Барно Авазова, келини Феруза Авазова ва ўғиллари 4 ёшли Шоҳжаҳон ва 2 ёшли Ҳасан-Ҳусанларни олиб Туркияга боради.

У ерда Т.Йўлдош томонидан асос солинган террорчилик ҳаракати аъзолари ёрдамида оила ишга киради, сўнгра вақт ўтиши билан Эрон, Афғонистон орқали Покистон ислом республикасига бориб етишади.

Энг ачинарлиси, Покистонга етиб боришганидан сўнг ўғли Шеҳроз келини Ферузани «уни талоқ қилганман, фарзандларимни олиб келиши учун алдаб чақирдим», деб очиқчасига айтади. Бироз ўтгач, Феруза террорчилик ҳаракати аъзоларидан бири тожикистонлик Олим исмли шахсга никоҳлаб берилади.

Бу орада Т.Авазов террорчилик ташкилотининг хўжалик ишларини бошқаради, террорчилик ташкилотига тегишли «Жундуллоҳ» радиоси орқали чиқиш қилиб, ЎИҲга келиб қўшилганидан мамнун эканлигини баён этиб, у ердаги гўёки ажиб шароитларни сўзлаб бериб, бошқаларни ҳам келиб қўшилишга даъват этади.

Покистон давлати томонидан мазкур террорчилик ташкилоти доимо таъқиб қилингани боис, улар мудом бир нуқтадан иккинчисига кўчиб юришга маҳкум эдилар. Улар турган жойлар бомбардимон қилинар, жони омон қолишлари учун ташкилот аъзолари, жумладан, Т.Авазов Афғонистонга ўтади ва бир муддат Майманак, Бадахшон ва Мозори Шариф шаҳарларида истиқомат қилади.

Шундай кунларнинг бирида Майманак шаҳрида у ҳамтовоғи Холид исмли шахс билан афғон полициясининг назарига тушади ва ҳужжатлари жойида бўлмаганлиги сабабли ҳибс этилади ва Афғонистон хавфсизлик ташкилоти — амниятга топширилади.

Кейинчалик Ўзбекистон ва Афғонистон махсус хизматларининг ўзаро махсус операцияси билан у Ўзбекистонга келтирилади.

Энг ачинарлиси, террорчи ўғилларининг тақдири у ёқда турсин, Т.Авазов рафиқаси, собиқ келини ва ўз авлодининг давомчилари бўлмиш шириндан шакар невараларининг тақдири қандай бўлганидан мутлақо бехабар. Айни пайтда уларнинг қаерда эканлигини ҳам билмайди.

Суд мажлисида гувоҳлик берганлар Т.Авазовнинг ўғиллари Шерзод ва Шеҳроз ишлайман деб Россия Федерациясига чиқиб кетганидан буён қайтишмагани, мазкур оилада аввал бошдан қандайдир мутаассиблик кузатилмаганини таъкидлаб ўтишди.

Бу аччиқ кечмишларда келин бўлмиш Ферузанинг тақдири жуда ачинарли. У шу ниятда мазкур хонадоннинг остонасидан хатлагандими? У қаерларда ҳозир?.. Унинг ота-онаси ҳам судда чиқиш қилишди ва ўз изтиробларини баён этишди.

ЖИБ Самарқанд вилоят суди Т.Авазовнинг иқрорликлари, гувоҳларнинг кўсатмалари ва ишда мавжуд ашёвий далилларни инобатга олиб, уни Ўзбекистон Республикаси ЖК 153-моддасининг 1-қисми ва 242-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этган деб топди. У жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди ва жазо умумий тартибли колонияларда ўталадиган бўлди.

Қилмиш-қидирмиш, дейдилар. Айни қарилик гаштини сурадиган, невараларига бош-қош бўлиб, уларнинг камолини кўрадиган ёшда Т.Авазов умрини симтикан ортида ўтказадиган бўлди. Ахир фарзандларига ёшликдан тўғри тарбия берганида, оқ ва қоранинг фарқлай олувчи закий ота бўлганида бир гулдек оила мана шундай пароканда бўлармиди? Албатта, йўқ.

Лекин нега унда бу йўл танланди? Бунга бир сўз билан жавоб бериш қийин. Судда минг тавба тазарру қилинди, афсус надомат чекилди. Лекин энди буларнинг фойдаси бормикан? Куйган тақдирларга, айниқса, норасида гўдакларга ичи ачийди кишининг. Ушбу воқеа фақатгина бошқаларга ўрнак бўлиши, бу кўчанинг боши берк эканлиги, ҳеч кимга саодат келтирмаслиги юзасидан ҳар ким ўзига хулоса чиқариши мумкин, холос.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!