Ёшлар ва хотин-қизларга 33 миллион сўмгача микрокредитлар ажратилади

Ёшлар ва хотин-қизларга 33 миллион сўмгача микрокредитлар ажратилади

“Ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурларини самарали амалга ошириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолияти учун микрокредитлар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (388-сон, 22.06.2021 й.) қабул қилинди.

📋 Қарор билан Тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизларга микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

📝 Низомга кўра, тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар, шунингдек, микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахслар (қарз олувчилар) кредит олиш учун “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки ёки акциядорлик-тижорат Халқ банкига электрон ариза билан мурожаат қилади.

➡️ Банк ариза келиб тушган куннинг кейинги кунидан кечикмасдан кредит олиш бўйича энг қулай филиали ёки банк хизматлари марказига мурожаат қилиш юзасидан қарз олувчига таклиф жўнатади.

🔰 Шунга кўра, банк томонидан сертификат олган:

▪️ тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, хусусан, ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил қилиш учун 33 млн сўмгача бўлган миқдорда;
▪️ микрофирма ва кичик корхона ташкил этган шахсларга 225 млн сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилади.

❕Кредит бир қарз олувчига бир маротаба ажратилади.

✅ Микрокредитлар:

👉 илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;
👉 алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
👉 савдо-воситачиликни амалга ошириш;
👉 ишлаб чиқариш мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни сотиб олиш учун ажратилмайди.

🏦 Микрокредитлар 3 йил муддатгача 6 ойгача имтиёзли давр билан, ёшларнинг бизнес лойиҳаларига эса 7 йилгача муддатга, 3 йилгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратилади.

💸 Қарз олувчи – ёшлар ва хотин-қизларга микрокредитлар уларнинг талабига биноан жами кредит суммасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда нақд пулда ажратилади.

⏳ Ҳар ойнинг 5 санасига қадар қарз олувчилар, уларнинг қарздан фойдаланиш йўналишлари ва натижадорлиги тўғрисидаги таҳлилий маълумотлар Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига тақдим этиб борилади.

📂 Шунингдек, қарор билан тасдиқланган низомга кўра нодавлат таълим ташкилотлари томонидан ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга ҳамда тадбиркорликка ўқитиш бўйича касблар рўйхати (54 та) белгиланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!