Ёшлар тарбиясига оид журнал ташкил этилади

Ёшлар тарбиясига оид журнал ташкил этилади
Ўзбекистон ёшлар иттифоқида тузилган Маслаҳат кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда санъат, фан, маданият, ишлаб чиқариш, спорт соҳаларида узоқ йиллар фаолият юритган тажрибали фахрийлар ва масъул ходимлар иштирок этди. 
 
Кенгаш кун тартибида қатор масалалар, тўрт ойлик иш режаси муҳокама қилинди ва тасдиқланди. Шундан сўнг Маслаҳат кенгаши қошида фаолияти йўлга қўйилаётган ёшлар тарбиясига хизмат қиладиган журнални ташкил қилиш масаласи кўриб чиқилди. 
 
Маслаҳат кенгаши жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни, ижтимоий ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялашда Ёшлар иттифоқига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган.
Кенгаш томонидан ёшларни салбий иллатлардан ҳимоя қилиш мақсадида улар билан “Кеча ва бугун”, “Олтин олма – дуо ол!”, “Яхши фарзанд ота-онасини тўрга чиқаради...”, “Маҳаллангни фахри бўл!” каби туркум мавзуларда меҳнат фахрийлари ва ёши улуғ нуронийлар билан давра суҳбатлари ташкил қилинади. Ёшлар тарбиясининг бугунги долзарб муаммолари ечимига қаратилган ишлар самарадорлигини оширишда маҳаллалардаги ёши улуғ нуронийлар кўмагидан фойдаланишнинг энг мақбул усуллари юзасидан йўриқнома ишлаб чиқилади.
 
Қолаверса, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ёшларни носоғлом оилавий муҳит туфайли қайта адашиб қолмаслигини олдини олиш мақсадида маҳаллий Кенгашлар қошидаги Маслаҳат кенгаши аъзолари профилактик рўйхатда турган ёшларга масъул этиб бириктирилади. Ёшларни китобхонликка қайтаришнинг анъанавий ва замонавий усулларини ишлаб чиқиш ҳам кенгашнинг муҳим режаларидан.
 
Бу каби режалар амалиётида янги журнал фаолияти кенгаш ишига яқин кўмакчи бўлади. 

Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!